Ўзбекистон Артемида битимларини имзолади
Бугун Самарқанд шаҳрида икки томонлама музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Ой, Марс, кометалар ва астероидлардан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳамда уларни тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик тамойилларини белгиловчи Артемида битимларини имзолади.
Таъкидланишича, мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг NASA ва бошқа иштирокчи давлатлар космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда космик технологиялар трансфери учун янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистон Артемида битимларини имзолаган 77-давлат бўлди.

Шунингдек, икки ўлканинг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари “C5+1” вазирлар учрашуви доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон ва АҚШ: асрлар ва қитъалар оша муштарак тарих” кўргазмасида иштирок этишди.

Халқларимиз ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларнинг бой тарихини ёритувчи ушбу кўргазмада Аҳмад ал-Фарғонийнинг илмий мероси, Эдгар Аллан Понинг Амир Темурга бағишланган шеърий тўплами, америкалик саёҳатчиларнинг ўлкамиз ҳақидаги асарлари ва бошқа бебаҳо мерос намуналари ўрин олган, -деб ёзди Б.Саидов ўзининг телеграм каналида. – Шунингдек, 1973 йилда йўлга қўйилган Тошкент–Сиэтл биродарлик алоқаларига оид материаллар халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг тарихий илдизларини яна бир бор намоён этди. Муштарак тарихимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаб, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар очади.
Ў.Алимов, ЎзА