Глобал тараққиёт ва янги имкониятлар: инсон салоҳиятига таянган ҳамкорлик
Тинчлик, ишонч ва тараққиёт. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ОҲИЧК саммитидаги нутқи минтақа келажагига қандай таъсир кўрсатади?
Маълумки, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммити 2026 йил октябрь ойида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича сўзлаган нутқи бугунги халқаро муносабатлар тизимида тинчлик, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорликнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён этди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, балки иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳам қаратилгани билан эътиборга молик.

Ушбу муҳим жараёнларни юртимиз кенг жамоатчилиги, айниқса, иқтисодиёт ва сиёсат олами вакиллари кузатиб бориб, ўз фикрларини ОАВда баён этишмоқда. Хусусан, иқтисодчи олим, Банк-молия академияси Илмий ишлар ва халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Машҳурбек Жалоловга айни мавзуда саволлар билан мурожаат қилдик.
—Президентимизнинг ушбу нутқида қайси жиҳатлар кўпроқ эътиборингизни тортди?
—Мен ушбу нутқда баён этилган ғояларни, энг аввало, иқтисодий барқарорлик, замонавий таълим ва келажак кадрларини тайёрлаш нуқтаи назаридан муҳим деб ҳисоблайман. Бугунги жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар бирор мамлакатнинг тараққиётини бошқа давлатлар билан ҳамкорликдан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Геосиёсий зиддиятлар, савдо алоқаларидаги узилишлар, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар иқтисодий ўсиш суръатларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш барқарор тараққиётнинг муҳим шартидир.
Президентимиз томонидан ҳар қандай низо ва келишмовчиликларни сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал этиш зарурлиги қатъий таъкидлангани алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, тинчлик мавжуд бўлган жойда иқтисодий фаоллик, инвестициявий ташаббуслар ва узоқ муддатли ривожланиш режалари учун мустаҳкам замин яратилади.
Нутқда илгари сурилган яна бир муҳим йўналиш — сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан масъулият билан фойдаланиш масаласи. Ҳозирги даврда рақамлаштириш иқтисодиётнинг барча тармоқларига, жумладан, банк-молия тизимига ҳам чуқур кириб бормоқда. Электрон тўловлар, рақамли банк хизматлари, автоматлаштирилган таҳлил воситалари ва сунъий интеллект асосидаги ечимлар молиявий хизматларнинг тезкорлиги ҳамда қулайлигини оширмоқда. Бироқ, технологияларни жорий этишнинг ўзи кифоя эмас. Уларни тўғри бошқара оладиган, имконият ва хатарларни холис баҳолайдиган, замонавий билимларни амалиётда қўллайдиган малакали мутахассислар ҳам зарур. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг технологик ишончни мустаҳкамлаш ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича минтақавий ташаббуси долзарб вазифаларга мос келади.
—Сунъий интеллектни бошқариш бўйича сизнинг фикрингиз қандай?
—Менинг фикримча, бу жараёнда таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Чунки рақамли иқтисодиётнинг ривожи, аввало, инсоннинг билим олишга интилиши, янгиликларни ўзлаштириши ва касбий маҳоратини мунтазам ошириб боришига боғлиқ. Бугунги тингловчи эртанги куннинг молиячиси, банк бошқарувчиси, иқтисодий таҳлилчиси ёки давлат молиявий назорати мутахассиси сифатида нафақат мавжуд билимларга, балки мустақил фикрлаш ва инновацион ечимлар ишлаб чиқиш қобилиятига ҳам эга бўлиши керак.
Шу боис банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнида назарий билимларни амалий машғулотлар, замонавий рақамли воситалар ва халқаро тажриба билан уйғунлаштириш муҳим. Таълимнинг сифати битирувчининг реал иқтисодий муаммоларга ечим топа олиши, жамоада ишлаши ва тез ўзгараётган меҳнат бозори талабларига мослаша билиши билан ҳам белгиланади.
Президентимиз нутқида инсон салоҳиятини ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда сифатли таълимдан фойдаланишни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Зеро, инсон капиталига киритилган сармоя узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг энг муҳим манбаларидан биридир. Билимли ва ташаббускор ёшлар янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи куч бўла олади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг иқлим ўзгаришларига мослашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича таклифлари иқтисодиётнинг келгуси тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Бугун молиявий ресурсларни тақсимлашда нафақат қисқа муддатли даромад, балки узоқ муддатли иқтисодий ва экологик самарадорликни ҳам ҳисобга олиш зарур. «Яшил» молиялаштириш, энергия тежамкор технологиялар ва экологик лойиҳаларга сармоя киритиш механизмларини такомиллаштириш - келажак авлодлар олдидаги масъулиятимизнинг ҳам бир кўринишидир.
Нутқнинг яна бир эътиборли жиҳати — халқаро ҳамкорликни аниқ амалий натижалар билан мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақидаги фикрлар. Ҳар қандай ташаббуснинг самараси унинг ҳаётга татбиқ этилиши, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қўшган ҳиссаси билан баҳоланади. Шунинг учун давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни таълим, илмий тадқиқотлар, молиявий технологиялар ва мутахассислар тайёрлаш йўналишларида ҳам кенгайтириш мақсадга мувофиқ.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур нутқи замонавий тараққиётнинг ўзаро боғлиқ устувор йўналишларини — тинчлик, ишонч, технологик янгиланиш ва инсон капиталини ривожлантиришни бир бутун жараён сифатида кўриб чиқиши билан аҳамиятли.
Педагог сифатида ишончим комилки, келажак тараққиёти билимли, масъулиятли ва замон талабларига мос мутахассисларни тарбиялашдан бошланади. Шунинг учун таълим сифатини ошириш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда халқаро тажрибани ўрганишга кенг йўл очиш умумий мақсадимиз бўлиши керак. Зеро, тинчлик ва ишончга таянган ҳамкорлик, билим ва инновация билан бойитилган тараққиётгина келажак авлодлар учун барқарор ва фаровон ҳаётни таъминлашга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА