АҚШ Давлат котибининг ташрифи иқтисодий ҳамкорлик учун қандай имкониятлар яратади?
Қайд этиш жоизки, “C5+1” формати нафақат икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, балки Марказий Осиё давлатларининг умумий манфаатларини илгари суриш, минтақавий масалалар юзасидан ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни шакллантириш ва халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашга хизмат қилувчи мулоқот майдонидир.
Хўш, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг ташрифи Ўзбекистон учун қандай сиёсий ва иқтисодий имкониятлар яратади? “C5+1” форматидаги вазирлар учрашуви минтақавий ҳамкорликнинг келгуси истиқболларига қандай ижобий таъсир кўрсатиши мумкин?
ЎзА мухбири мазкур ташрифнинг сиёсий-иқтисодий аҳамияти, Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг истиқболлари ҳамда “C5+1” формати доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари хусусида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назиров фикрларини ёзиб олди.

– Аввало, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифини Вашингтоннинг Марказий Осиё билан сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка эътибори ортаётганининг муҳим ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.
Бу ташриф Ўзбекистон учун АҚШ билан муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва миллий манфаатларга мос янги иқтисодий имкониятларни илгари суриш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Бугун Марказий Осиё давлатлари халқаро муносабатларда ўз манфаатлари ва тараққиёт устуворликларига эга бўлган мустақил иштирокчилар сифатида намоён бўлмоқда. Минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий ишончнинг мустаҳкамланиши, яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиши ва амалий ҳамкорликнинг кенгайиши ташқи шериклар билан мулоқотда ҳам янги имкониятлар яратмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, минтақавий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Самарқанддаги “C5+1” форматидаги учрашувнинг аҳамиятини фақат АҚШ билан алоқаларни кенгайтириш доирасида баҳолаш тўғри бўлмайди. Бу майдон Марказий Осиёнинг беш давлатига умумий манфаатларни илгари суриш, минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашиш ва ташқи шериклар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини беради. Айни пайтда ҳар бир давлатнинг миллий манфаатлари ва ташқи сиёсий устуворликлари ҳисобга олиниши муҳим.
Фикримча, учрашувнинг амалий аҳамияти, энг аввало, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш, транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ҳамда муҳим минерал ресурслар соҳаларидаги имкониятлардан фойдаланиш билан боғлиқ. Бу йўналишлар Ўзбекистон учун иқтисодиётни модернизация қилиш, экспорт бозорларини диверсификациялаш, замонавий технологиялар ва илғор тажрибани жалб этиш нуқтаи назаридан муҳимдир.
Айниқса, ташриф доирасида АҚШ ишбилармон доиралари вакилларининг иштироки иқтисодий кун тартибини амалий лойиҳалар билан бойитиш учун қўшимча имконият яратади. Бироқ бундай мулоқотнинг самараси билдирилган қизиқишлар ёки эришилган сиёсий келишувлар билангина эмас, балки инвестиция мажбуриятларининг аниқлиги, лойиҳаларнинг амалга оширилиш суръати ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси билан белгиланади. Шу маънода, бизнес мулоқотини узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларига айлантириш муҳим вазифадир.
Яна бир муҳим жиҳат, “C5+1” формати орқали минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятидир. Транспорт йўлаклари, энергетика, савдо ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби масалалар бир давлат доираси билан чекланмайди. Уларни ҳал этишда минтақавий мувофиқлашув ташқи шериклар билан ҳамкорлик самарадорлигини ошириши мумкин. Бунда АҚШ билан муносабатларни ривожлантириш бошқа халқаро шериклар билан алоқаларга муқобил сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсати ва иқтисодий алоқаларни диверсификациялаш стратегиясининг бир қисми сифатида қаралиши лозим.
Умуман олганда, Самарқанд учрашувининг Ўзбекистон учун асосий аҳамияти АҚШ билан сиёсий мулоқотни иқтисодий натижалар билан тўлдириш, янги инвестиция ва технологик ҳамкорлик имкониятларини ишга солиш ҳамда Марказий Осиёнинг халқаро шериклар билан муносабатлардаги ўрнини мустаҳкамлашдан иборат.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА