Ўзбекистон - АҚШ: кимё саноатида ҳамкорлик ривожлантирилади
Кимё саноатида замонавий технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро шерикликни ривожлантириш соҳанинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада хорижий компаниялар билан тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Самарқандда ташкил этилган “C5+1” форматидаги учрашувлар доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти АҚШнинг қатор йирик компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувда мазкур масалаларга эътибор қаратилди. Мулоқотлар АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Музокараларда “Aquatech”, “CB&I”, “Honeywell International”, “Powerscape Global” каби компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар кимё саноатида илғор технологик ечимлардан фойдаланиш, замонавий ишланмаларни ўрганиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди.
“C5+1” форматидаги мулоқотлар Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда саноатга илғор технологияларни жалб этиш учун имконият яратади.
Жамият ахборот хизматининг хабарига кўра, мазкур учрашувлар “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналарининг халқаро алоқаларини кенгайтириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган ҳамкорлик йўналишларини белгилашга қаратилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА