Халқаро эътироф
Бухоролик тадбиркор ва жамоатчилик фаоли, Ўзбекистон “Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар” бирлашмаси республика раиси Мамлакат Содиқова “Евразия–2026” халқаро мукофоти финалида “Евроосиё дўстлик кўприклари: тадбиркор аёллар ва жамоатчилик етакчиларининг халқаро ҳамкорлик платформаси” лойиҳаси билан ғолиб бўлди.
Мазкур натижа Ўзбекистонда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганининг яна бир муҳим далилидир.
Бу йил “Евразия–2026” халқаро мукофоти учун 73 мамлакатдан 5512 та ариза келиб тушган. Лойиҳаларни саралаш ва баҳолаш жараёнларига 15 мамлакатдан 165 нафар эксперт, халқаро ҳакамлар ҳайъатига эса 50 нафар мутахассис жалб этилган. Финал босқичида 29 мамлакат вакиллари иштирок этгани танловнинг қамрови ва нуфузи қай даражада эканини кўрсатади. Ана шундай рақобат муҳитида Ўзбекистон вакили илгари сурган лойиҳанинг ғолиб деб топилиши нафақат шахсий ютуқ, балки мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича шаклланган янги ёндашувларнинг халқаро майдондаги эътирофи сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамият ва иқтисодиётдаги ролини кучайтириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва жамиятдаги фаоллигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу сиёсатнинг амалий натижаси бугун нафақат мамлакат ҳудудларида, балки халқаро майдонда ҳам намоён бўлмоқда. Ўзбекистонлик аёлларнинг халқаро бизнес, ижтимоий ташаббуслар ва жамоатчилик дипломатияси соҳаларидаги иштироки тобора кенгайиб бораётгани шундан далолат беради. Шу маънода, лойиҳанинг ғолиб бўлиши давлат сиёсати даражасида яратилаётган имкониятларнинг фаол фуқаролик ташаббуслари билан уйғунлашган муҳим намунасидир.
—Лойиҳанинг асосий мақсади тадбиркор аёллар, жамоатчилик етакчилари ва ёшларни бирлаштириш, Евроосиё мамлакатлари ўртасида дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ҳамда янги ҳамкорлик имкониятларини яратишдан иборат, — деди раис Мамлакат Содиқова. — Лойиҳанинг аҳамияти эса шундаки, у хотин-қизларни фақат тадбиркорлик субъекти сифатида эмас, балки жамият тараққиёти, минтақавий ҳамкорлик ва халқ дипломатиясининг фаол иштирокчиси сифатида намоён этади.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда бундай ташаббусларнинг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Чунки иқтисодий алоқалар билан бир қаторда инсонлар ўртасидаги мулоқот, ишонч ва ҳамкорлик ҳам барқарор тараққиётнинг муҳим омилига айланмоқда.
Аёллар тадбиркорлиги эса бу жараёнда алоҳида ўрин тутади. Тадбиркор аёлнинг янги бизнес яратиши — нафақат унинг оиласи даромадини оширади, балки янги иш ўринлари, янги хизматлар ва янги ижтимоий имкониятлар пайдо бўлишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири