Ўзбекистон адлияси учун илғор тажриба
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчиларининг Японияда ташкил этилган қисқа муддатли стажировкаси муваффақиятли якунланди.
Мазкур таълим дастури давомида соҳа мутахассислари Япониянинг ҳуқуқий тизими, қонун устуворлигини таъминлаш механизмлари ҳамда юридик таълим соҳасидаги илғор тажрибалар билан яқиндан танишди. Тингловчилар кунчиқар мамлакатнинг етакчи адлия ва суд органлари, юридик университетлари ва илмий-тадқиқот марказларида бўлиб, ўзаро тажриба алмашди.

Хусусан, дастурнинг якуний кунларида иштирокчилар Япония патент идорасига (ЖПО) ташриф буюриб, патентлаш, жумладан, патент қидируви бўйича Япония тажрибаси билан танишди. Шунингдек, Япония Адлия вазирлигининг Фуқаролик ишлари бюросига ташриф давомида мазкур тузилманинг фаолияти ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга оид сўнгги тенденциялар ўрганилди.
Стажировка давомида Япония Адлия вазирлигининг Ўқитиш ва тадқиқот институти Халқаро ҳамкорлик департаменти вакиллари билан учрашув ўтказилиб, келгуси ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Стажировка дастури иштирокчиларга халқаро ҳуқуқий стандартларни ўрганиш, замонавий рақамли технологияларнинг адлия тизимига татбиқ этилишини таҳлил қилиш ва келгусида Ўзбекистонда юридик таълим ҳамда амалиётни янада ривожлантириш учун янги истиқболларни белгилаб олиш имконини берди.
Стажировка якунида тингловчиларга дастурда иштирок этганликларини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур стажировка тингловчиларга Япония ҳуқуқий тизими билан яқиндан танишиш, касбий билимларини бойитиш ва илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш имконини берди. Ўзлаштирилган билим ва кўникмалар уларнинг келгуси касбий фаолиятида муҳим амалий манба бўлиб хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА