Ўзбекистон-Тожикистон: юридик таълим муассасалари ўртасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилди
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса, таълим ва илм-фан соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик икки давлат интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети делегацияси билан расмий учрашув бўлиб ўтди.
Делегация таркибида университет ректори Шероз Мўминзода ҳамда Стратегик ва халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Комилжон Шарипов иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, юридик таълим сифатини ошириш, кадрларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантиришда хорижий таълим муассасалари билан алоқалар муҳим ўрин тутади. Бу борада ўзаро тажриба алмашиш, таълим ва илмий фаолиятдаги ёндашувларни ўрганиш ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади.

Институт ва университет ўртасидаги алоқалар юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга оид тажрибаларни ўрганиш, профессор-ўқитувчилар ўртасида илмий ва касбий мулоқотни ривожлантириш нуқтаи назаридан аҳамиятли.
Мазкур учрашув икки таълим муассасаси ўртасида ўзаро мулоқотни давом эттириш ва истиқболдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим қадам бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА