Ўзбекиcтонда техник тартибга солиш соҳаси рақамлаштирилмоқда ва халқаро стандартлар жорий этилмоқда
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида республикада декларантлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги ПФ–25-сон Фармони билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини халқаро талаблар асосида тубдан ислоҳ қилишга қаратилган янги механизмлар жорий этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ушбу фармонга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари учун қатор енгилликлар яратилди. Хусусан, экспорт бозорларида талаб этиладиган хорижий стандартлар асосида мувофиқликни баҳолашга рухсат берилди, мувофиқликни баҳолаш соҳасида давлат иштироки қисқартирилди, аккредитация ажратмалари 2,5 баробар камайтирилди ҳамда "Sifat bo‘yicha ko‘makchi" электрон платформаси ишга туширилди.
2026–2028-йилларда 7 865 та халқаро стандарт қабул қилиниши, 2 032 турдаги маҳсулотни мажбурий сертификатлаш босқичма-босқич бекор қилиниши ва уларни техник регламентлар асосида баҳолаш тизимига ўтиш белгиланган.
2027-йил 1-январдан бошлаб "Conformity Uzbekistan (CUz)" миллий мувофиқлик белгиси жорий этилади. Шунингдек, маҳсулотларни баҳолашда хавф-хатарга асосланган ёндашув, модулли мувофиқликни баҳолаш тизими ҳамда замонавий бозор назорати механизми босқичма-босқич амалга оширилади.
Соҳада рақамлаштириш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. TRIS.UZ миллий ахборот тизими орқали стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитация ва давлат назорати жараёнлари ягона электрон платформага бирлаштирилди. Бугунги кунда тизим орқали 100 дан ортиқ сертификатлаштириш органи, 400 дан зиёд лаборатория ва 4,5 мингдан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда.
Тизимда 261 мингдан ортиқ электрон ариза қабул қилиниб, 1 миллиондан зиёд синов баённомаси ва 187 мингдан ортиқ мувофиқлик сертификати электрон шаклда расмийлаштирилди. Бу эса хизматлар кўрсатиш муддатини қисқартириш, инсон омилини камайтириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-30544]
Истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида blacklist.tris.uz – "Номувофиқ маҳсулотлар реестри" ишга туширилди. Реестрга ҳозирга қадар 176 та номувофиқ маҳсулот киритилган бўлиб, у давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Шунингдек, 1880 қисқа рақамли колл-марказ орқали тадбиркорлар ва фуқароларга доимий маслаҳат хизмати кўрсатилмоқда.
Халқаро ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон IECEE халқаро тизимига аъзо бўлди ҳамда IQNet халқаро сертификатлаш тармоғига қўшилди. Бундан ташқари, SGS, Intertek, Bureau Veritas ва TÜV каби нуфузли халқаро мувофиқликни баҳолаш ташкилотларини мамлакатимизга жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш ҳамда истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА