100 миллион сўм алимент олдиндан тўланди
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжати ўзаро келишув асосида ижобий ҳал этилди. Қарздор ота вояга етмаган фарзанди таъминоти учун 100 миллион сўм алимент маблағини олдиндан тўлаб, ижро иши якунланишига эришди.
Мажбурий ижро бюроси Ховос туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига асосан, фуқаро К.Ш.дан ундирувчи К.Х. фойдасига фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланган эди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқига вақтинчалик чеклов ўрнатилди. Кейинчалик у меҳнат фаолиятини хорижда давом эттириш истагини билдириб, мазкур чекловни бекор қилиш масаласида Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилди.
Давлат ижрочиси томонидан қарздорга қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, алимент тўловларини белгиланган тартибда олдиндан тўлаш имконияти атрофлича тушунтирилди.
Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида тарафлар ўзаро келишувга эришди. Қарздор ота фарзандининг келгуси таъминоти учун ундирувчига 100 миллион сўм алимент маблағини бир йўла олдиндан тўлаб берди.
Шундан сўнг ундирувчи она ижро ҳужжатини ўз хоҳишига кўра қайтариб олди. Шу асосда қарздорга нисбатан қўлланилган мамлакатдан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш чораси бекор қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири