“Ўзбекфильм” миллий кинокомпанияси ташкил этилади
Ўзбекистонда кинематография соҳасини ривожлантириш, киноиндустрияга замонавий бошқарув механизмларини татбиқ этиш ҳамда миллий кино маҳсулотларини халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган Президент фармони қабул қилинди.
2026 йил 21 ноябрда “Кинематография соҳасига замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ва “O‘zbekfilm” миллий кино брендини яратишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон билан соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш, такрорланувчи ваколатларни мақбуллаштириш ва миллий киноиндустрияни иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантириш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Маданият вазирлиги муассислигида “Ўзбекфильм” миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Шунингдек, “Қорақалпоқфильм” давлат муассасаси негизида Миллий кинокомпания ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги муассислигида “Қорақалпоқфильм” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилади.
Кино соҳасидаги илмий-таҳлилий ва ижодий фаолиятни ривожлантириш мақсадида Фанлар академияси Санъатшунослик институти ҳамда бир гуруҳ киноижодкорлар иштирокида Киношунослар клуби ташкил этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси қўшиб юборилиши орқали Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси тузилади. Маданият вазирлиги марказий аппаратида эса Кино санъати департаменти ташкил этилади.
Ёш авлоднинг кино ижодкорлигига бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш учун Тошкент шаҳрида болалар киноижодкорлиги мактаби ва платформаси ҳам ишга туширилади.
Фармонда миллий қадриятлар, бой тарихий мерос ва мамлакатнинг замонавий ютуқларини халқаро аудиторияга етказишга хизмат қиладиган фильмларни қўллаб-қувватлаш механизми ҳам назарда тутилган. Бўндай алоҳида аҳамиятга эга лойиҳаларга Миллий кинокомпания таклифи асосида Маданият вазирлиги томонидан “Умуммиллий кинолойиҳа” мақоми берилади.
2028 йил 1 январга қадар Киночипталарнинг ягона ахборот тизими ва “Ўзбекфильм” миллий онлайн киноплатформаси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.
2028 йил 1 январдан бошлаб давлат маблағлари ҳисобидан яратилган барча фильмлар ҳамда давлат архивларида сақланаётган кино мероси объектлари киноплатформага жойлаштириш учун рақамли форматда бепул ва мажбурий равишда тақдим этилади. Хусусий киностудиялар ҳамда муаллифларнинг фильмлари эса платформага шартнома асосида жойлаштирилади.
Мамлакатдаги барча кинотеатрлар ва кино намойиши билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар Киночипталарнинг ягона ахборот тизимига мажбурий тартибда интеграция қилинади. Натижада ҳар бир сеанс, сотилган чипталар сони ва тушумлар ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида автоматик равишда узатиб борилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА