Одил Ёқубовнинг 100 йиллиги: Қозоғистонда адиб мероси ва икки халқ дўстлиги
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг 100 йиллиги муносабати билан Қозоғистондаги Туркистон ва Қарноқ қишлоғида адабий учрашувлар бўлиб ўтди. Бу тадбирлар икки халқ ижодкорларини бирлаштириб, адиб меросини янгича талқин этди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг 100 йиллиги муносабати билан Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри ва адиб туғилиб ўсган Қарноқ қишлоғида ўзбек ва қозоқ ижодкорлари иштирокида хотира кечалари ўтказилди. 18-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтган бу учрашувларда адибнинг номи тилга олинганда ҳамқишлоқлари фахрланди, шогирдлари меҳрибон устозини эслади, китобхонлари эса асарларидан олган сабоқларини айтди. Бир пайтлар шу қишлоқ мактабига қатнаган боланинг китоблари бугун ўзи ўқиган даргоҳдаги музейда сақланмоқда – бу ҳам Одил Ёқубовнинг абадий меросидан далолат.
«Ватандошлар» жамоат фонди ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида Қозоғистонга борган делегацияни устознинг шогирдлари, яқинлари ва қадрдонлари катта эҳтиром билан кутиб олди. Туркистондаги «Фараб» кутубхонасида ташкил этилган «Асрий умр — мангу мерос» адабий кечаси китоблар ва суратлар кўргазмаси билан бошланди. Унда Одил Ёқубовнинг турли йилларда чоп этилган асарлари, бошқа тилларга таржималари ҳамда ҳаётидан ҳикоя қилувчи фотосуратлар намойиш этилди. Кўргазма Тошкентдан олиб борилган янги 17 жилдли асарлар тўплами билан янада бойитилди.
Кечани очган Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Ертай Алтаев адибнинг «Улуғбек хазинаси», «Кўҳна дунё», «Диёнат» асарларидаги адолат, виждон ва илм қадри каби мавзуларнинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталди. У Одил Ёқубов мероси ўзбек ва қозоқ халқларини яқинлаштирувчи муштарак қадрият эканини таъкидлади. Профессор Қулбек Ергўбек бошқарган давра суҳбатида Шуҳрат Ризаев, Ашурали Жўраев, Баҳодир Карим, Дилфуза Қаршибоева, Хуршида Ваҳобжон қизи каби ижодкорлар устоз ҳақидаги хотиралари билан бўлишди.
Хотиралар орқали китобхон билган ёзувчининг яна бир қиёфаси — ёш ижодкорга суянч бўлган устоз намоён бўлди. Хуршида Ваҳобжон қизи илк шеърлари нашр этилиши, биринчи китоби чиқиши, адабий даврага кириб келишида Одил Ёқубовнинг ёрдами катта бўлганини эслади. Бу эътибор унинг ижодий йўлида қанчалик муҳим бўлганини ҳаяжон билан гапириб берди.

Адибнинг фарзанди Абдумалик Ёқубов эса отасининг хотирасига икки юртда кўрсатилаётган ҳурматдан оила аъзолари мамнун эканини айтди. Ўзбек ва қозоқ қўшиқлари янграган даврада адабиёт ҳақидаги суҳбатлар шахсий хотираларга уланди.
Эртаси куни меҳмонлар Қарноққа йўл олди. Бу ердаги учрашувларнинг ўзгача маъноси бор эди: делегация адибнинг болалиги кечган жойларга, у ўқиган Маҳмуд Қошғарий номидаги 1-сон мактаб-лицейга келди. Мактабдаги Одил Ёқубов музейида меҳмонларни фотосуратлар, китоблар ва ўқувчиларнинг чиқишлари кутиб олди. Ёзувчининг ҳаёт йўли билан танишилар экан, унинг катта адабиётга йўли шу қишлоқдан, шу мактабдан бошлангани яна бир бор ёдга тушди.

Делегация музейга Навоийнинг «Хамса»си, «Ҳақиқатга суянган адиб» хотира китоби ва Одил Ёқубов асарларининг 17 жилдли нашрини совға қилди. Ижодкорлар ҳам ўз китобларини қолдирди. Энди бу китобларни Қарноқнинг янги авлоди варақлайди. Қишлоқдаги «Дўстлик уйи»да ўтган учрашувни Кентау шаҳри ҳокими Жандос Тасов очиб берди. Ижодкор Ўтизбай Бабир бошқарган даврада адибнинг шогирдлари, маҳаллий ёзувчилар ва ҳамқишлоқлари сўзга чиқди.
Қарноқликлар Одил Ёқубовни қишлоғи ташвишини унутмаган инсон сифатида ҳам эслашди. Унинг сув омбори қурилишига кўмаклашганини миннатдорлик билан тилга олди. Бу хотираларда ёзувчининг халқ дардига муносабати, туғилган ерига меҳри яққол кўринди.

Адибнинг «Биллур қандиллар» асарини қозоқ тилига ўгирган Долимжон Сайфуллаев ва бошқа ижодкорлар ҳам унинг мероси ҳақида сўзлади. Меҳмонлар Қарноқдаги Шомуҳаммад Эшон масжид-мадрасасида Одил Ёқубовга бағишланган хона билан танишди, сафар давомида Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилишди.
Икки кун давомида Одил Ёқубовнинг номи минбарларда, мактабда, ҳамқишлоқларининг самимий суҳбатларида ҳам янгради. Кимдир асарини, кимдир берган маслаҳатини, яна кимдир қишлоққа қилган яхшилигини эслади. Қарноқ мактабига туҳфа қилинган китобларни эртага бир ўқувчи қўлига олади. Балки, адиб билан унинг биринчи суҳбати айнан шу ерда бошланар.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА