Дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маданий маскани
Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни санъат ва маданиятга кенг жалб қилиш, истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритаётган маданият марказлари муҳим ўрин тутади.
Навоий вилояти Конимех тумани маданият бўлими тасарруфидаги «Дўстлик», «Сарибел» ва «Шўркўл» маданият марказлари аҳолига маданий хизмат кўрсатиш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда миллий санъат анъаналарини асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Бўлим тизимида ашула ва рақс, вокал, драма ва бадиий ўқиш, халқ чолғу асбоблари ансамбли каби йўналишларда жами 10 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 175 нафар санъатга қизиқувчи ўғил-қиз ўз иқтидорини намоён этиб, ижодий маҳоратини оширмоқда. Шунингдек, бўлим қошида «Жас-тулек» ва «Сарибел сази» ансамбллари фаолият юритмоқда.
Маданият марказларида ташкил этилган бадиий жамоалар ҳам ўзининг ранг-баранг чиқишлари билан томошабинлар эътиборини қозонмоқда. Хусусан, ҳаваскорлардан иборат «Ай-Хай-Шу» кулгу театри, «Дидар» ва «Би-Кен-Бойс» миллий ҳамда замонавий рақс гуруҳлари вилоят ва республика миқёсидаги байрам тадбирлари, кўрик-танловлар ва концерт дастурларида фаол иштирок этиб келяпти.
Турли миллат вакилларидан иборат ижодий жамоалар фаолияти ҳудудда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Уларнинг саҳна чиқишларида миллий қадриятлар, ўзига хос урф-одатлар ва санъат анъаналари ўзаро уйғунлашиб, турли халқлар маданиятининг бойлиги ҳамда ранг-баранглиги ўз ифодасини топади.
Конимехлик санъат аҳлининг ижодий изланишлари нафақат туман, балки вилоят ва республика миқёсидаги маданий тадбирларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу эса чекка ҳудудларда ҳам истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқ ижодиётини ривожлантириш ва маънавий муҳитни бойитиш борасидаги ишларнинг аҳамиятини кўрсатади.
[gallery-32653]
Зеро, санъат миллат танламайди, у турли халқ ва элат вакилларини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради. Конимех маданият марказларининг фаолияти ҳам ана шу дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг амалий ифодасидир.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА