Ўзбек халқининг тарихий шахслари ҳақидаги китоб нашрдан чиқди
Сўнги йилларда мамлакатимизда тарихий шахслар ҳаётини ўрганиш, уларнинг фаолиятини тадқиқ этишга жиддий эътибор қаратилиётир.
Тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов билан таниқли олим Эргаш Очиловнинг кўп йиллар давомида қилган фидокорона меҳнати туфайли юзага келган бир қатор янги китоблар бунинг яққол далилидир. Яқиндагина нашрдан чиққан “Шайбонийхон”, “Абдуллахон” ҳамда “Убайдуллахон” сингари монографиялар минглаб ўқувчиларнинг маънавий мулкига айланди. Бу асарлар Ўзбекистон фанлар Академияси тарих институти илмий кенгашининг қарорига асосан чоп этилган.
Биринчи монография “Шайбонийхон”даги аннотацияда алоҳида таъкидланганидек, унда ўзбек халқи давлатчилигини янги босқичга кўтарган Шайбонийлар сулоласининг асосчиси, Турон давлати хоқони ва ҳарбий қўмондон, таниқли уламо ва шоир Муҳаммад Шайбонийхоннинг ҳаёт йўли, зафарли юришлари, шахсияти, унинг сиёсий фаолияти, жаҳон давлатчилиги тарихида тутган муносиб ўрни ҳамда тасодифий ҳалокати тасвирланган. Монография кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, у тарихий манбалар ва адабиётлар таҳлили асосида содда тилда ва илҳом билан ёзилганлиги диққатга сазовордир.
Кейинги монография “Абдуллахон” ҳам ўқувчида катта қизиқиш уйғотади. Унда қимматли фактлар ва маълумотлар ўрин олганлиги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортади. Энг муҳими, асар тили мураккаб эмас, тушунарли эканлиги диққатга сазовордир. Ўзбек давлатчилиги тизимидаги Бухоро хонлигининг Шайбонийлар сулоласидан чиққан энг йирик вакили. Бухоро хони (1583-1598), Турон давлатининг 1557-1598 йилларда амалдаги ҳукмдори, йирик давлат арбоби, ҳарбий саркарда, шоир, илм-фан ва маданият ҳомийси. Шайбонийлардан Искандар султоннинг ўғли, Жонибек султоннинг невараси.
Учинчи китоб “Убайдуллахон”да ҳам буюк саркарда ва истеъдодли шоир ижоди ва фаолиятига доир қимматли маълумотлар жой олганлиги эътиборга моликдир. Асардан улуғ шоирнинг бир қатор ғазаллари ҳам ўрин олганлиги монографиянинг янада қизиқарли ва ўқишли чиқишини таъмин этган.
Қардошлареким подшодур бориси,
Ўз ишлари бирла мубталодур бориси.
Бориси бўлуб не ишга, не элга ярар,
Бош бошқа, кўзунг бошқа балодур бориси.
Ёки қуйидаги ўтли сатрлар ҳам истеъдодли шоир Убайдуллахон қаламига мансуб.
Эл кўблугини кўзга неча илгайсиз,
Ёлғуз кишидан ҳам неча кесилгайсиз.
Ёлғуз деб они кесилгайсиз ондинким,
Ёлғузнинг эрур ёри Худо-билгайсиз.
Ўзбекистонда илк марта чоп этилаётган бу китоблар қизиқарли ёзилганлиги сабабли кўпчиликка манзур бўлиши табиий.
Жовли Хушбоқов, ЎзА