Икки халқни боғлаган қалам
Устоз журналист, атоқли адиб ва публицист Аҳмаджон Мелибоев Қирғизистоннинг «Достук» ордени билан тақдирланди.
Ўзбек ва қирғиз халқларини асрлар давомида муштарак тарих, яқин маданий муносабатлар ва дўстлик ришталари боғлаб келади. Бу муносабатларни мустаҳкамлашда адабиёт ва санъат аҳлининг, хусусан, қалам аҳлининг хизмати алоҳида аҳамият касб этади.
Яқинда ана шу эзгу алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли ўзбек журналисти, ёзувчи ва публицист Аҳмаджон Мелибоевнинг меҳнати юксак даражада эътироф этилди.
Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳридаги «Ынтымак Ордо» давлат мажмуасида давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров иштирок этди.
Маросимда Аҳмаджон Мелибоевга Қирғиз Республикасининг «Достук» ордени топширилди. Ушбу мукофот унинг икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ва халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси эътирофи сифатида берилди.

Аҳмаджон Мелибоев 1946 йил 23 март куни таваллуд топган. Унинг ҳаёт ва ижод йўли ўзбек ва қирғиз халқлари тарихи, маданияти ва адабиёти билан чамбарчас боғлиқ.
Устоз журналист кўп йиллар давомида журналист ва публицист сифатида самарали фаолият юритиб, жамият ҳаётининг муҳим масалаларини қаламга олди. Унинг мақолаларида инсон, маънавият, адабиёт ва жамият тараққиёти билан боғлиқ долзарб мавзулар кенг, таҳлилий асосда ёритилади.
Аҳмаджон Мелибоев «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири сифатида ҳам салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Журнал саҳифаларида жаҳон адабиётининг сара намуналари билан бир қаторда қардош қирғиз адабиёти вакилларининг асарлари ҳам ўзбек китобхонларига тақдим этилмоқда.
Унинг ижодий фаолиятида буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳам муҳим ўрин тутади. Аҳмаджон Мелибоев Чингиз Айтматов номидаги Халқаро илмий академия аъзоси сифатида адибнинг бой ижодий меросини Ўзбекистонда ўрганиш ва оммалаштириш ишларида иштирок этиб келмоқда.
Аҳмаджон Мелибоевнинг асарлари, мақолалари ва чиқишларида икки қардош халқнинг адабиёти, маданияти ва маънавий яқинлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Унинг бу борадаги кўп йиллик фаолияти ўзбек ва қирғиз ижодкорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Устоз журналистнинг «Достук» ордени билан тақдирланиши Аҳмаджон Мелибоевнинг кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасига берилган муносиб баҳо бўлди.
Ушбу юксак мукофот икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган ижодкорларга билдирилган эҳтиромнинг ҳам ифодасидир.
Н.Усмонова, ЎзА