«Олтин минбар»дан махсус мукофот
2026 йил 4–8 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган XXII Қозон халқаро «Олтин Минбар» кинофестивалида Ўзбекистон ва Татаристон Республикаси киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган «Шаҳобиддин Маржоний» бадиий фильми фестивалнинг «Кино санъатидаги маънавият учун» номли махсус мукофоти билан тақдирланди.
Мазкур эътироф Ўзбекистон ва Татаристон киноижодкорлари ўртасидаги ижодий ҳамкорликнинг самараси, шунингдек, тарихий шахслар ҳаёти ва маънавий меросини экран орқали кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида аҳамиятлидир.
«Шаҳобиддин Маржоний» фильми XIX асрда яшаб ижод қилган буюк татар маърифатпарвари, ислом олими ва жамоат арбоби Шаҳобиддин Маржонийнинг ҳаёти, илмий-маърифий фаолияти ҳамда маънавий меросига бағишланган. Фильмда Маржоний шахсининг ўз давридаги илм-фан, маърифат ва жамият тараққиётида тутган ўрни бадиий воситалар орқали ёритилади.
Фильмни Ўзбекистон ва Татаристон Республикасининг тажрибали киноижодкорлари ҳамкорликда яратган. Унинг режиссёрлари — Илҳом Муҳаммадибрагимов ва Рамил Тухватуллин. Бош ролни Булат Гатауллин ижро этган. Фильм оператори — Умид Маликов, продюсери — Абдурауф Жўраев.
«Олтин Минбар» кинофестивалида фильмнинг «Кино санъатидаги маънавият учун» махсус мукофотига сазовор бўлиши асарнинг нафақат бадиий жиҳатдан, балки маънавий-маърифий мазмуни билан ҳам халқаро кино жамоатчилиги эътиборини қозонганини кўрсатади.
Айтиш керакки, «Шаҳобиддин Маржоний» фильмининг мазкур нуфузли кинофестивалда эътироф этилиши икки халқ киноижодкорлари ўртасидаги маданий ва ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА