Ўзбек спорти тарихида ўчмас из қолдирган боксчи
Ўзбек спорти яна бир буюк намояндасидан айрилди. Ўзбекистон бокси тарихида ўз номи ва услубига эга бўлган машҳур спортчи, жаҳон чемпиони ва Олимпиада совриндори Руфат Рисқиев 76 ёшида вафот этди.
Руфат Рисқиев номи ўзбек бокси тарихида алоҳида ўрин тутади. Унинг рингдаги фаолияти мамлакатимиз спортчилари халқаро майдонда энг юксак натижаларни қўлга киритиши мумкинлигини амалда намоён этган давр билан чамбарчас боғлиқ.
1949 йил 2 октябрда Оққўрғонда таваллуд топган Руфат Рисқиев бокс билан ёшлигидан шуғуллана бошлади. Унинг спортдаги камолоти Тошкентда кечди. Кейинчалик у собиқ иттифоқнинг энг кучли боксчилари сафидан жой олди.
Р.Рисқиев учун 1974 йил алоҳида аҳамиятга эга. Кубанинг Гавана шаҳрида илк бор ўтказилган жаҳон чемпионатида 75 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Шу тариқа у ўзбек боксчилари орасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган дастлабки спортчилардан бири сифатида тарихга кирди.
Орадан икки йил ўтиб, Рисқиев Монреаль Олимпиадасида ҳам финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи жангда америкалик Майкл Спинксга қарши рингга чиққан ўзбекистонлик боксчи мусобақани кумуш медаль билан якунлади. Бу натижа унинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Рисқиевнинг спортдаги натижалари бундан ҳам салмоқли. У собиқ иттифоқ чемпионатларида тўрт марта ғолиб чиққан, шунингдек, Спартакиада баҳсларида ҳам чемпионликни қўлга киритган. Боксчилик фаолияти давомида 189 та жанг ўтказиб, 174 тасида ғалаба қозонган.
Рингдаги жанговар услуби ва ўзига хос маҳорати туфайли у «Тошкент йўлбарси» сифатида танилди. Бу лақаб йиллар ўтиши билан Рисқиевнинг спортдаги номи билан бирга тилга олинадиган тимсолга айланди.
Катта спортдан кетганидан кейин ҳам Рисқиев бокс билан алоқани узмади. У мураббийлик қилди, ҳакамлик фаолияти билан шуғулланди. Шунингдек, унинг ҳаёти ва спортдаги фаолияти кино ижодкорларига ҳам илҳом берди. Рисқиев «Рингга чақирилади...» фильмида ўз образини гавдалантирган.
Унинг хизматлари давлат ва спорт жамоатчилиги томонидан муносиб эътироф этилди. Руфат Рисқиев «Ҳурмат белгиси», «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт ҳурмати» каби орденлар билан тақдирланган.
Руфат Рисқиевнинг ҳаёти — катта спортдаги зафарлар, матонат ва ўзбек бокс мактабига садоқат тимсоли. У рингда қўлга киритган ғалабаларидан ташқари, кейинги авлод спортчилари учун ҳам бой мерос қолдирди.
Унинг номи ўзбек спорти тарихида узоқ йиллар давомида яшайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА