Ўзбек маҳсулотлари Форс кўрфази бозорига йўл олмоқда
Ўзбекистонлик экспортчилар Ўмон Султонлигида янги бозорларни ўрганмоқда. Маскатдаги музокаралар мева-сабзавотларимиз учун Форс кўрфазига кенг йўл очиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг 15–17 ноябрь кунлари мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи корхоналар вакиллари Маскат шаҳрида бўлиб, янги ҳамкорлар ва савдо имкониятларини ўрганмоқда. Ўмон Султонлиги билан савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган музокараларда юртимизда етиштирилган маҳсулотларни Ўмон бозорига олиб кириш, шунингдек, ушбу мамлакат орқали Форс кўрфази давлатларига экспорт географиясини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўмоннинг “Khazaen” иқтисодий зонасида жойлашган йирик “Silal” мева-сабзавот бозори мутасаддилари Ўзбекистон маҳсулотлари учун махсус савдо растаси ажратиш ташаббусини билдирди. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини хорижий харидорларга бевосита тақдим этиш имконини беради. “Silal” бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилишга ихтисослашган лабораториялар фаолият юритади. Маҳсулот намунаси келиб тушиши билан лаборатория таҳлиллари ўтказилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан тегишли хулоса олинади. Бу жараёнларнинг бир соат ичида амалга оширилиши экспорт маҳсулотларини қабул қилишда вақтни тежаш ва савдо жараёнларини тезлаштириш имконини беради.

Делегация аъзолари бозор ҳудудида фаолият юритувчи “Suhol al Fayha” компаниясининг иш жараёнлари билан ҳам танишди. Хусусан, мева-сабзавотларни қабул қилиш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш ва улгуржи савдога чиқариш тизими ўрганилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА