Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Бухоро шаҳрига жўнаб кетди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 24 август куни Бухоро шаҳрига жўнаб кетди.
“Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нуриддин Исмоилов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Ташриф дастурига мувофиқ 23 август куни Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
[gallery-31032]
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштириш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлди.
Икки Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Муҳим лойиҳалар ишга туширилиб, музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА