Озарбайжон фуқароларининг Ўзбекистонга келиши 60 фоизга ортган
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда қардошлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани боис, икки мамлакат фуқароларининг ўзаро ташрифлари сони ҳам жадал суръатларда ўсиб бормоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь–сентябрь ойлари якунларига кўра, 25,9 минг нафар Озарбайжон фуқароси туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 9,7 минг нафарга ёки қарийб 60 фоизга кўпдир.
Хусусан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида жами 25,9 минг нафар Озарбайжон фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Бундай кескин ўсиш икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги келишувлари маҳсули сифатида яратилган қулай шароитлардан ҳам далолат беради. Жумладан, фуқаролар учун жорий этилган 15 кунлик визасиз ва рўйхатдан ўтмасдан эркин ҳаракатланиш тартиби ҳамда авиақатновлар сонининг кўпайтирилгани икки қардош халқ ўртасидаги маданий-гуманитар кўприкни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонга келаётган озарбайжонлик меҳмонларнинг кўпчилиги юртимизнинг қадимий шаҳарлари, маданий обидалари ва гўзал табиатини ўз кўзи билан кўриш иштиёқида. Хусусан, жами ташриф буюрганларнинг 19 минг 926 нафари айнан саёҳат ва дам олиш мақсадида келган бўлиб, бу умумий оқимнинг қарийб 77 фоизини ташкил этади. Бу эса Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий марказларнинг Озарбайжон сайёҳлик бозоридаги жозибадорлиги йил сайин ортиб бораётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, икки халқнинг илдизи бир, қадриятлари муштарак бўлгани боис, қариндошларни йўқлаш мақсадида келувчилар оқими ҳам салмоқли – ҳисобот даврида 4 минг 141 нафар фуқаро айнан шу мақсадда юртимизга қадам ранжида қилган. Иқтисодий ва дипломатик алоқаларнинг ривожланиши эса хизмат ва иш юзасидан келувчилар сонида ҳам акс этмоқда, яъни 1 минг 760 нафар озарбайжонлик тадбиркор ва мутахассислар расмий ҳамда бизнес ташрифларини амалга оширган.
Бундан ташқари, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик натижасида 62 нафар фуқаро ўқиш, 9 нафари эса даволаниш мақсадида Ўзбекистонни танлаган. Бор-йўғи 3 нафар фуқаро тижорат мақсадини кўзлаган бўлса-да, умумий манзара икки мамлакат ўртасидаги туризм ва гуманитар алоқалар нақадар серқирра ва кенг кўламли тус олаётганини яққол кўрсатиб турибди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сўнгги тўққиз ойлик рақамлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги туристик ҳамкорлик нафақат тикланаётгани, балки мутлақо янги юқори босқичга чиқаётганини яққол тасдиқлайди.
Икки мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини биргаликда тарғиб қилиш, янги қўшма йўналишларни йўлга қўйиш ва маданий тадбирларни кўпайтириш орқали ўзаро сайёҳлар оқимини янада ошириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Бу эса, ўз навбатида халқларимиз ўртасидаги асрлар синовидан ўтган дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий алоқаларни янги суръатлар билан бойитишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА