Бешариқда янги туристик лойиҳалар амалга оширилмоқда
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Сариқамиш туризм масканида тадбиркор Шерзод Эркабоев ташаббуси билан амалга оширилаётган янги лойиҳалар журналист ва блогерларга таништирилди.
Сариқамиш ўзининг бетакрор табиати, кўли, унда учрайдиган турли қушлар ва балиқлар билан ажралиб туради. Ҳудудда экотуризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, кўл манзарасидан баҳраманд бўлиш ва ҳудуднинг табиий гўзаллигини томоша қилиш истагидаги сайёҳлар учун бу маскан алоҳида қизиқиш уйғотиши мумкин.
Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунда Сариқамишни маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун жозибадор дам олиш масканига айлантириш, ташриф буюрувчиларга қулай шароитлар яратиш асосий мақсад қилиб белгиланган.
Журналист ва блогерлар иштирокидаги танишув давомида ҳудуднинг туристик имкониятлари, амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида маълумот берилди.
[gallery-32330]
Айни пайтда масканда янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида ишлар давом этмоқда. Уларнинг амалга оширилиши ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА