ЎзА мухбири «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирланди
30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Умуммиллий бирдамлик – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар, миллий маданий марказлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Унда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари аҳиллик, тинчлик ва бағрикенглик муҳитида яшаётгани, бу Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойликларидан бири экани таъкидланди.

Конференцияда умуммиллий бирдамликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада ривожлантириш, халқ дипломатиясини қўллаб-қувватлаш, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни кенгайтириш ҳамда бу борадаги халқаро тажриба ва илмий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида миллатлараро тотувлик ва халқ дипломатиясини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаоллар «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тақдирланганлар орасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Сиёсат ва янгиликлар таҳририяти етакчи муҳаррири Нигора Раҳмонова ҳам бор. Айтиш жоизки кейинги йилларда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита фаолияти агентлик саҳифалари орқали кенг ёритилиб келинмоқда. Шунингдек, «Бағрикенглик ва халқ дипломатияси» лойиҳаси доирасида юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари иштирокида видеосуҳбатлар тайёрланиб, уларнинг ҳаёти, миллий қадриятлари, урф-одатлари ҳамда Ўзбекистондаги аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити кенг жамоатчиликка етказиб келинмоқда.
Шунингдек, тадбир якунида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Ҳамроз Баянов, Фарҳод Абдурасулов ( сурат), ЎзА