Хитойнинг янги хавфсизлик ташаббуси
Сўнгги йилларда халқаро муносабатлар тизимида хавфсизлик масаласи иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликдан ажралмас йўналишга айланди. Геосиёсий рақобат кучайиши, трансмиллий жиноятчилик, терроризм, кибер хавфсизлик билан боғлиқ хатар давлатларни янги ҳамкорлик механизмини шакллантиришга ундамоқда. Ана шундай шароитда Хитойнинг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ташаббуси Пекин ташқи сиёсатининг навбатдаги стратегик қадами сифатида баҳоланмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти Гавҳаршодбегим Холматова мазкур ёндашув тасодифий қарор эмаслигига эътибор қаратиб, бу сўнгги икки йил давомида шаклланаётган минтақавий хавфсизлик манзарасининг мантиқий давоми эканини таъкидлайди. Жумладан, 2025 йил Остона шаҳрида ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси, кибер хавфсизлик ва Афғонистон билан боғлиқ масалалар устувор вазифа сифатида белгиланган эди. Бугунги ташаббус айнан ўша келишувларни амалий босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Хитой хавфсизликни энди фақат ҳарбий соҳада эмас, балки иқтисодий тараққиёт, транспорт йўлаклари, энергетика ва рақамли инфратузилма барқарор ишлаши билан узвий боғлиқ тушунча сифатида кўряпти. Шу боис мамлакат учун хавфсиз муҳит йирик иқтисодий лойиҳалар амалга оширишнинг асосий шарти ҳисобланади. Айниқса, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида транспорт йўлаклари барқарорлигига эришиш Пекин учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Бу жараёнда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли алоҳида ўрин тутади. Мазкур лойиҳанинг узлуксиз фаолияти минтақадаги сиёсий барқарорлик ва хавфсизлик муҳитига бевосита боғлиқ. Шунинг учун Пекин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, чегара хизмати ҳамда хавфсизлик тизими ҳамкорлигини мустаҳкамлашга интилмоқда.
ХХР терроризм, сепаратизм ва экстремизм таҳдидини ўз миллий хавфсизлиги билан чамбарчас боғлайди. Шу мақсадда Марказий Осиё давлатлари билан разведка ахбороти алмашинуви, қўшма машғулот, трансмиллий жиноятчилик ҳамда кибер жиноятга қарши шерикликни кенгайтириш ниятида. Бундай ёндашув Пекин илгари сураётган “Global Security Initiative” концепциясининг асосий тамойилига ҳам мос. Яъни, хавфсизлик давлатлар ўртасидаги рақобат эмас, балки умумий манфаат асосида таъминланиши лозим.
ШҲТнинг янги хавфсизлик модели: институтлар амалиёт босқичига ўтмоқда
Хитойнинг Ўзбекистон ва Беларусь билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ташаббуси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида кузатилаётган институционал ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ. Дастлаб терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган тузилма бугунги кунда кўп функцияли сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик платформасига айланмоқда.
2025 йил Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммити айни ўзгаришларнинг муҳим босқичи сифатида баҳоланади. Анжуманда 2035 йилгача ташкилотни ривожлантириш стратегияси қабул қилиниб, хавфсизлик билан бир қаторда транспорт, энергетика, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, экология ва глобал бошқарув ҳам устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Бу ШҲТ фаолияти анъанавий масалалардан анча кенг қамровли йўналишларга ўтаётганини кўрсатади.
Тадбирнинг энг муҳим натижаларидан бири тўрт янги хавфсизлик маркази ташкил этиш тўғрисидаги қарордир: хатарга қарши курашиш, ахборот хавфсизлиги, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш. Мазкур институтлар аъзо давлатларнинг замонавий таҳдидга мувофиқлаштирилган ва тезкор жавоб қайтариш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон учун очилаётган имкониятлар
Мазкур ташаббус Ўзбекистон учун бир неча амалий имкониятни юзага келтиради: терроризм, диний экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда ахборот алмашинуви кўламини кенгайтириш, қўшма амалиётларни йўлга қўйиш ва замонавий технологиядан самарали фойдаланиш учун қўшимча шароит яратиш. Айниқса Афғонистон билан боғлиқ масала долзарб бўлиб қолаётган бир пайт бундай ҳамкорликнинг аҳамияти янада ортади.
Транспорт-логистика хавфсизлигини таъминлаш ҳам асосий йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган. Республикамиз Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси иштирокчиси сифатида йирик транзит марказига айланишни мақсад қилган. Шу боис транспорт инфратузилмаси барқарорлиги мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, юртимизга янги логистика лойиҳаларини жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Кибер хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида эътибор талаб этади. Рақамли иқтисодиёт ривожланиши шароитида давлат ахборот тизими, молиявий инфратузилма ва муҳим коммуникация тармоғини ҳимоя қилиш устувор вазифа ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ШҲТ доирасида ташкил этиладиган Ахборот хавфсизлиги маркази амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Хaвфсизлик соҳасидаги ҳар қандай ҳамкорлик Ўзбекистоннинг кўп қиррали ташқи сиёсати, суверенитети ва миллий манфаатига тўлиқ мос равишда амалга оширилиши лозим. Мамлакатимиз ташқи сиёсий тамойили мазкур ташаббусни ҳаётга татбиқ этишда ҳам асосий мезон бўлиб қолади.
Мусулмон Зиё, ЎзА