Инсон капитали: тараққиётнинг асосий мезони
Замонавий дунёда давлат қудрати фақат табиий бойлик ёки ҳарбий салоҳият билан ўлчанмайди. Мамлакатнинг рақобатбардошлиги инсон капитали сифати – адолатли суд тизими, сифатли таълим, самарали соғлиқни сақлаш, ривожланган тадбиркорлик муҳити ва кучли давлат институтларига ҳам боғлиқ. Ана шу омиллар ички тараққиётни таъминлабгина қолмай, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрни ва таъсирини ҳам белгилайди.
Ташқи сиёсатда муваффақиятга эришиш ҳам мамлакатнинг ички салоҳиятига таянади. Қонун устуворлиги таъминланган, иқтисодиёти барқарор, аҳолиси билимли ва тадбиркорлиги ривожланган давлат халқаро муносабатда ишончли ҳамкор сифатида қабул қилинади. Шу боис инсон капитали ва ташқи сиёсат бир-бирини тўлдирувчи йўналишлар ҳисобланади.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Судьялар корпусини шакллантириш тартиби қайта кўриб чиқилди, Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, судьяларнинг муддатсиз ваколат тизими жорий этилди. Шунингдек, судьяликка номзодларни маҳаллий ижро ҳокимияти билан келишиш амалиёти бекор қилиниб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.
Таркибий ўзгаришлар ҳам суд тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилди. Жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлардан иборат ихтисослашган тизим шакллантирилди. Айниқса маъмурий суд фаолияти фуқароларга давлат идоралари қарори устидан самарали ҳуқуқий ҳимоя воситасини тақдим этди. Бу давлат ва жамият муносабатида қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган механизм ҳам мустаҳкамланди. Тергов судьяси институти ташкил этилди, қонунга хилоф усул билан олинган далил судда қўлланишига чек қўйилди. Айни ўзгаришлар жиноят процессида шахс ҳуқуқи ҳимояси кафолатини сезиларли даражада кучайтирди.
Суд ишини рақамлаштириш ҳам ислоҳотнинг муҳим қисмидир. Электрон суд юритуви, ишни электрон тақсимлаш, суд мажлисини аудио ва видео ёзувга олиш, қарорни очиқ эълон қилиш ҳамда масофавий иштирок имконияти суд тизими шаффофлиги ва очиқлигини оширди. Шу тариқа инсон омили билан боғлиқ хавф камайиб, адолатли судловни таъминлаш имконияти кенгайди.
Табиийки, суд тизимини янада такомиллаштириш вазифаси кун тартибидан тушгани йўқ. Суд мустақиллигини амалда кучайтириш, қарор сифатини яхшилаш, аҳолининг адлияга етиш имкониятини кенгайтириш, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш ва жиноят процессида айбловга мойилликни қисқартириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Бу ислоҳотлар бир ҳақиқатни тасдиқлайди: адолатли суд тизими нафақат ҳуқуқ соҳаси, балки иқтисодий ривожланиш, инвестиция муҳити ва давлатнинг халқаро обрўсини белгилайдиган муҳим институтлардир.
Оила, ёшлар ва тадбиркорлик: инсон капиталига сармоя
Инсон капиталини ривожлантиришда оила институти ва ёшлар сиёсати алоҳида ўрин тутади. Аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этаётган шароитда уларнинг билим олиши, касб эгаллаши, иш билан таъминланиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг стратегик йўналиши сифатида шакллантирилди.
Бу жараёнда институционал асос мустаҳкамланди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилди, Ёшлар ишлари агентлиги фаолияти такомиллаштирилди, “Давлат ёшлар сиёсати тўғрисида”ги қонун ҳамда Оила кодексининг янги таҳрири қабул қилинди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали кўмакка муҳтож аҳоли қатлами билан манзилли ишлаш механизми йўлга қўйилди.
Ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида имтиёзли кредит, касб-ҳунарга ўқитиш, субсидия ва иш билан таъминлаш дастури амалга оширилмоқда. Ёшлар марказлари, технопарклар, спорт иншоотлари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳам айнан инсон капитали сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Бундай ташаббуслар ёшларни иш изловчидан иш ўрни яратувчи субъектга айлантиришга қаратилган.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш ҳам муҳим йўналиш. Гендер тенглик, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонунлар қабул қилинди, ҳимоя ордери тизими жорий этилди, реабилитация марказлари ташкил этилди. Қизларнинг олий таълим муассасаларига кириши имконияти кенгайтирилиб, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун махсус молиявий дастурлар ишга туширилди.
Инсон капитали фақат ижтимоий ҳимоя билан шаклланмайди. Бу борадаги яна бир муҳим таянч хусусий ташаббус ва тадбиркорликдир. Сўнгги йилларда бизнес юритиш тартиб-таомили сезиларли даражада соддалаштирилди. Корхонани электрон рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилди, лицензия ва рухсатнома талаб қилинадиган фаолият турлари камайтирилди, тадбиркорлик субъектларини текширишга мораторий қўлланди, бизнес-омбудсман институти фаолияти йўлга қўйилди.
Солиқ соҳасидаги ислоҳот ҳам тадбиркорлик муҳитини яхшилашга хизмат қиляпти. Солиқ тури камайтирилди, маъмурий тартиб соддалашди, қўшилган қиймат солиғи ҳисоблашнинг замонавий механизми жорий этилди, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига тушадиган юклама камайтирилди. Бу ҳолат расмий бандликни кенгайтириш ва бизнес юритиш харажатини қисқартиришга олиб келди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармалари, кафолат механизми, имтиёзли кредит дастурлари ҳамда электрон савдо платформалари ривожлантирилиши туфайли янги бизнес субъектлари пайдо бўляпти. Айниқса рақамли хизмат кенгайиши тадбиркорлар учун вақт ва харажатни камайтириш имконини яратди.
Шу билан бирга келгуси босқичда ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳам долзарб. Масалан, кичик бизнеснинг молия ресурсларига етиш имкониятини кенгайтириш, рақобат учун тенг шароит яратиш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, ташқи бозорга чиқишни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш каби масалалар устувор аҳамиятга эга.
Мусулмон Зиё, ЎзА