ЎзА Болгария ахборот агентлиги билан меморандум имзолади
Ўзбекистон Республикасининг чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсати туфайли сўнгги йилларда хорижий давлатлар билан дўстона муносабатни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда.
Мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида диёримизга нисбатан қизиқишни кучайтириб, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Изчил ислоҳотлар, ўз навбатида, медиа тузилмалари олдига жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, мунтазам ахборот алмашишни йўлга қўйиш, дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида аҳолини холис, ҳаққоний ахборот билан тезкор таъминлаш вазифасини қўймоқда.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда ўлкамизнинг Европа давлатлари билан турли соҳалардаги ҳамкорлиги кўлами кенгаймоқда. Айни жараёнда минтақада алоҳида ўринга эга Болгария билан мунтазам ахборот алмашиш муҳим аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, ЎзА Болгария Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Болгария ахборот агентлиги – БТА билан Ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади.

Ушбу муҳим ҳужжатни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов ва Болгария ахборот агентлиги раҳбари Кирил Валчев имзоладилар. Мазкур ташаббусни Европа минтақаси билан ахборот соҳасида шериклик ўрнатиш йўлидаги навбатдаги қадам, дейиш мумкин.
София шаҳрида кечган учрашувда A.Kўчимов жаҳон миқёсида ОАВ билан алоқаларни мустаҳкамлаш агентлик учун стратегик вазифа ҳисобланишини қайд этди.

– Халқларимизни кўп асрлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончли ҳамкорлик ришталари боғлаб турганини алоҳида қайд этиш лозим, – деди ЎзА раҳбари. – Мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар йилдан-йилга янги босқичга кўтарилмоқда. Болгария бизнинг Европа Иттифоқидаги энг ишончли ва муҳим шерикларимиздан биридир. Эътиборлиси, эндиликда Ўзбекистон жамоатчилиги Болгария ҳаёти, унинг бой маданияти ва иқтисодий салоҳиятига оид янгиликларни тўғридан-тўғри биринчи манбадан олиш имкониятига эга бўлади. Худди шунингдек, Болгария ва Европа аҳли ҳам Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги динамик ўзгаришлар, сайёҳлик салоҳияти ва амалга оширилаётган трансформациялар ҳақида холис ахборот билан мунтазам таъминланади.

Таъкидлаш керакки, мазкур меморандум икки давлат ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик доирасида мамлакатларимиз ҳаётига оид долзарб мавзуларни, минтақавий ва глобал масалаларни ёритиб бориш, турли маданиятлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш орқали ЎзА ва БТА ўртасида холис, ишончли ахборот майдони яратишга қаратилган.
– ЎзА билан шериклик ўрнатилаётганидан мамнунмиз, – деди БТА Бош директори Кирил Валчев. – Таъкидлашим жоиз, бу биз учун Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорлик йўлидаги дастлабки қадам. ЎзАнинг инглиз тилида чиқадиган мақолаларини кузатиб бораман. Агентлик Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон янгиликларини ишончли манба сифатида жамоатчиликка тарқатмоқда.
Меморандумга мувофиқ, энди икки агентлик мунтазам ахборот ва тажриба алмашади, мақола, фото ва видео лавҳалардан ўзаро фойдаланиш имконига эга бўлади.
Дарвоқе, Болгария ахборот агентлиги ҳам ўз сайтида ЎзА билан ҳамкорлик меморандуми имзолангани ҳақида хабар берди. Мақолада БТА жамоасининг хорижий ҳамкорлари қаторидан Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб мамлакатимиз етакчи расмий ахборот агентлиги ўрин олганидан мамнунлиги қайд этилган. Шунингдек, самарали ўзаро шериклик давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишига ишонч билдирилган.
Ўткир Алимов, ЎзА
София, Болгария