“Tracker” юкхонасидан қарийб 9 кг наркотик модда олинди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва контрабандасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳамда Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда “Тошкент – Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган “Tracker” русумли транспорт воситаси йўл-патруль хизмати масканида тўхтатилди.
Фарғона шаҳрида яшовчи, 1990 й.т., муқаддам Жиноят Кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан судланган фуқаро бошқарувида бўлган автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳайдовчи ўз истеъмоли учун сақлаб қўйган 1,72 гр наркотик борлиги аниқланди ва қўшимча текширув давомида транспорт воситасининг юкхонасидан 8 кг 913 гр “гашиш” моддаси олинди.

Терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича, мазкур шахс муқаддам наркокуръерлар томонидан қўшни давлатдан Тошкент вилояти ҳудудига контрабанда қилинган ушбу ажал оғусини қабул қилиб олиб, доимий яшаш манзилига кетаётган бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.