Ота-оналар фарзандларининг наркотик моддаларни истеъмол қилиш ҳолатини ихтиёрий текшириш имконияти яратилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат билан аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар жорий этилади.
Жумладан:
Ота-оналарнинг фарзандлари томонидан наркотик моддаларни истеъмол қилиш ҳолатини ихтиёрий равишда текшириб бориш имкониятини яратиш мақсадида 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда экспресс наркотестлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
- Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида тажриба-синов тариқасида “Антинарко” ёшлар фронт-офислари фаолияти йўлга қўйилади. Волонтёрлар жамоаси томонидан гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши манзилли тарғибот ишлари олиб борилади.
- Наркожиноят содир этишга мойил ёки содир этаётган ўқувчи ва талабаларни аниқлаб, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган педагоглар махсус тартибда рағбатлантирилади.
- Наркожиноятга алоқадор ўқувчи ва талабалар ҳақида аноним хабар бериш имкониятини яратиш мақсадида барча таълим муассасаларида ички ишлар органлари томонидан муҳрланадиган махсус қутилар ўрнатилади ва келиб тушган хабарларни текшириш амалиёти йўлга қўйилади.
- Эксперимент тариқасида Тошкент шаҳридаги 10 та мактабда 9-11 синф ўқувчилари билан аноним сўров ўтказиш орқали хавф гуруҳи аниқланиб, улар билан психологлар кўмагида профилактик тадбирлар амалга оширилади.
ЎзА