Ота-она фарзанд учун ибрат мактабидир
Қизилқумнинг жазирама иссиғи, чексиз қумликлар орасида қад ростлаган Учқудуқ шаҳри. Бу заминда ҳаётнинг давомийлиги, саноатнинг тараққиёти, одамларнинг кундалик турмуши сув билан чамбарчас боғлиқ. Бу ҳаётий эҳтиёжни таъминлаш йўлида кечаю кундуз меҳнат қилаётган инсонлар бор. Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-насос станцияси машинисти Шерзод Ботиров ҳам ана шундай масъулиятли касб эгаларидан бири.
3-насос станцияси Шимолий кон бошқармаси корхоналари, хусусан, 3-гидрометаллургия заводини техник сув билан, Учқудуқ аҳолисини эса ичимлик суви билан таъминлайди. Бу ерда сув оқими ҳеч қачон тўхтамайди. Ҳар соатда 1400 куб метр сув кучли босим остида қувурларга ҳайдалади. Бу бир дақиқада қарийб 23 минг литр сув дегани. Ана шу улкан оқимнинг узлуксизлигини таъминлаш, насос агрегатларининг созлигини назорат қилиш, тизимдаги ҳар бир ўзгаришни ўз вақтида сезиш эса ходимдан юксак билим, тажриба ва ҳушёрликни талаб этади.

Шерзод Ботировнинг меҳнат фаолияти ана шу масъулиятли станция билан боғлиқ. У қарийб 15 йилдан буён Шимолий кон бошқармасининг Иссиқлик сув-газ таъминоти ва оқова сув цехида насос қурилмалари машинисти бўлиб ишлаб келмоқда. Навбатчилик давомида у фақат асбоб-ускуналар кўрсаткичларини кузатмайди, балки бутун тизимнинг барқарор ишлаши учун жавобгар. Бу ерда бир дақиқалик бепарволик ҳам катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
1980 йилда Хатирчи туманида туғилган Шерзоднинг болалиги пахта далалари, ариқлар ва сув йўллари орасида кечган. Отаси Нормамат ака жамоа хўжалигида сувчи бўлиб ишлаган. Шу боис кичик Шерзод сувнинг қадрини, унинг деҳқон меҳнатидаги ўрнини ёшлигидан билади. Отасига ёрдам бериш учун кетмон кўтариб далага чиқиш, жўякларга сув тараш, унинг оқимини бошқариш болалик хотираларининг ажралмас қисмига айланганди. Ўша пайтларда сувнинг миқдори бугунгидек куб метрлар билан ўлчанмас, унинг сарфи мураккаб ҳисоб-китоблар асосида назорат қилинмасди. Деҳқон учун асосийси сувни ўз вақтида ва керакли миқдорда экин майдонига етказиш эди. Нормамат ака эса дала шароити, тупроқнинг ҳолати, жўякларнинг узунлиги ва сувнинг оқимидан келиб чиқиб, қайси майдон қачон сувга тўлишини яхши биларди.
Шерзод ана шу муҳитда улғайди. Балки ўшанда у келажакда сув билан боғлиқ янада мураккаб ва масъулиятли касб эгаси бўлишини хаёлига ҳам келтирмагандир.
Бироқ даладаги оддий ариқ ва жўяклар билан саноат корхонасидаги улкан қувурлар тизими ўртасида катта фарқ бор. Бу ерда сув оқимини кетмон эмас, насос агрегатлари, назорат-ўлчов асбоблари ва мураккаб муҳандислик тизимлари бошқаради. Билим, тажриба ва тезкор қарор ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Насос станциясидаги иш жараёнини ташқи томондан кузатган киши учун ҳаммаси бир маромда кечаётгандек туюлиши мумкин. Насослар ишлаяпти, кўрсаткичлар меъёрда, қувурлар орқали сув ўз манзилига етиб бормоқда. Аммо бу осойишталик ортида доимий назорат, ҳушёрлик ва катта масъулият ётади.

Электр энергиясининг кутилмаганда узилиши насос қурилмалари машинисти учун жиддий синов ҳисобланади. Оддий хонадонда электр чироғининг ўчиши вақтинчалик ноқулайлик туғдириши мумкин. Аммо улкан насос станциясида бу ҳолат бутунлай бошқа оқибатларга олиб келиши эҳтимоли бор. Насослар тўсатдан тўхтаганда, қувурлардаги сув орқага ҳаракатлана бошлайди. Бу эса мутахассислар тилида “гидравлик зарба” деб аталадиган хавфли ҳодисани келтириб чиқариши мумкин. Бундай вазиятда тезкор чора кўрилмаса, қувурлар шикастланиши, ишлаб чиқариш жараёнлари ва аҳоли сув таъминотида узилишлар юзага келиши мумкин.
Шерзод Ботировнинг қарийб 15 йиллик меҳнат фаолияти давомида бундай синовли вазиятлар ҳам кўп бўлган. Айниқса, электр таъминотидаги кутилмаган узилишлар пайтида унинг касбий маҳорати ва йиллар давомида орттирган тажрибаси қўл келган. Қоронғилик қўйнида, қўл фонари ёруғида асосий қувурларни беркитиш мосламаларини қўлда бошқариш, сувнинг орқага қайтишини тўхтатиш, навбатчи диспетчер ва авария хизмати билан тезкор алоқа ўрнатиш каби масъулиятли вазифаларни бажаришга тўғри келган. Зарур чоралар кўрилиб, захира тизимлари ишга туширилган. Электр таъминоти тиклангач, станция ускуналари яна ишга туширилиб, соатига 1400 куб метр сув етказиб бериш жараёни давом этган.
Бундай пайтларда машинист учун вақт сониялар билан ўлчанади. Чунки унинг тезкор қарори ортида нафақат бир корхонанинг ишлаб чиқариш режаси, балки бутун бир шаҳар аҳолисининг кундалик ҳаёти ҳам мужассам.
Бугун сув масаласи фақат Учқудуқ ёки муайян бир саноат корхонасининг эҳтиёжи билан чекланиб қолмаяпти. У бутун инсоният олдида турган долзарб экологик муаммолардан бирига айланмоқда.
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда фойдаланиладиган сув ресурсларининг катта қисми қўшни республикалар ҳудудидаги тоғларда шаклланади. Иқлим ўзгариши, музликларнинг қисқариб бориши ва сув захираларига бўлган эҳтиёжнинг ортиши шароитида ҳар бир томчи сувнинг қадри янада ошмоқда. Бундай шароитда сувдан оқилона фойдаланиш, уни тежаш, муқобил манбаларни ўзлаштириш ва замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шимолий кон бошқармасида ҳам бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда “Бешбулоқ сув иншоотларидан 3-ГМЗга сув таъминоти” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унинг асосида қатор янги иншоотлар барпо этилди. Жумладан, Бешбулоқ ва сувни ярим юзага кўтариш комплексида қўшимча 10 та қудуқ, иккита 8- ва 9-насос станциялари ҳамда сув сақлаш резервуарлари қурилди. Шунингдек, Бешбулоқдан босимли захира сув омборларигача диаметри 500 миллиметр бўлган, узунлиги 21 километрлик қувур ётқизилди.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, завод технологик жараёнларида юқори минераллашган ер ости сувларидан фойдаланиш йўлига ўтилди. Бу эса Амударёдан олинадиган сув сарфини сезиларли даражада камайтириш имконини берди. Бундай ўзгаришлар, янги иншоотлар ва замонавий технологиялар Шерзод Ботиров каби соҳа ходимлари меҳнатига ҳам янгича мазмун бағишламоқда. Чунки улар сув таъминоти тизимидаги ислоҳотларни фақат кузатибгина қолмай, балки уларнинг амалдаги самарасини ўз иш жараёнида ҳис этмоқда.
Шерзоднинг ҳаётида яна бир эътиборли жиҳат бор. У фақат касбий тажриба билан чекланиб қолишни истамади. Йиллар давомида орттирган меҳнат тажрибаси унда билим олишга, ўз салоҳиятини янада оширишга бўлган интилишни кучайтирди. Олий маълумотли мутахассис бўлишни мақсад қилди. Энг қизиғи, бу йўлда фарзандларини ҳам ўзига ҳамроҳ этди.
Ўғли ва қизини қўшимча дарсларга, репетиторга берди. Улар ўрганган билимларини уйда биргаликда муҳокама қилиш, бир-бирларига тушунтириш имконини яратди. Натижада бир оилада уч кишининг – ота ва икки фарзанднинг бир йилда олий таълим муассасасига ўқишга кириши қувончли воқеага айланди. Бугун уларнинг барчаси Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида таҳсил олмоқда.
Шерзод Ботиров фарзандларига таълим олишнинг аҳамиятини сўз билан эмас, шахсий намунаси билан кўрсатди. Зеро, фарзанд учун ота-онанинг ўзи ҳамиша энг катта ибрат мактабидир.
Лайло Каримова,
Шимолий кон бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.
ЎзА