Бандликдаги натижа рақамлар билан эмас, инсонлар ҳаётидаги ўзгариш билан ўлчанади
Инсон учун меҳнат – шунчаки кундалик машғулот эмас. У оиласини боқиш, фарзандини ўқитиш, келажагини режалаштириш ва жамиятда ўз ўрнини топиш учун катта имконият. Шу боис аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш бугун мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб моҳияти инсонни фақат ижтимоий ёрдам олувчи эмас, балки ўз меҳнати, қобилияти ва ташаббуси билан фаровон ҳаёт барпо эта оладиган фаол куч сифатида қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу ёндашув, аввало, ҳар бир маҳаллада меҳнат қилишни истаган инсонга муносиб иш шароити яратиш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириб, касб-ҳунарга ўқитиш ва оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришда намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда меҳнат қилиш ҳуқуқи конституциявий кафолат сифатида мустаҳкамланган. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 42-моддасида ҳар кимнинг муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсиз меҳнат шароитида ишлаш ҳамда адолатли иш ҳақи олиш ҳуқуқи белгиланган. 43-моддада давлатнинг аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чоралар кўриши, касбий тайёргарлик ва қайта тайёрлашни ташкил этиши мустаҳкамлаб қўйилган.
Бу нормалар меҳнат ва бандлик соҳасидаги ислоҳотлар учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги фармони билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг жорий этилиши мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Дастурнинг асосий ғояси камбағалликни фақат моддий ёрдам билан эмас, балки барқарор бандлик, касб-ҳунар, тадбиркорлик, таълим ва ижтимоий хизматлар орқали қисқартиришдан иборат. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириб, меҳнат бозорини манзилли таҳлил қилиш, ҳудудларда лойиҳавий ёндашувни кучайтириб, маҳалла даражасида хизматлар самарадорлигини ошириш вазифаси белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу жараённи янги мазмун билан бойитди. Унда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва устунликларидан келиб чиқиб, барқарор ҳамда юқори даромадли иш ўринлари яратиш, маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш, расмий бандликни рағбатлантириш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Мазкур ҳужжат билан 2026 йил якунига қадар мамлакатимизда 1 миллион кишини доимий иш ўринларига жойлаштириш, 4 миллион кишининг даромадини ошириш, 1 миллионта норасмий иш ўрнини легаллаштириш ва 120 минг мутахассисни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш каби мақсадлар белгилаб берилди.
Демак, бугунги сиёсатнинг мезони фақат ишсиз фуқарони ишга жойлаштириш эмас. Асосий мақсад – унинг доимий даромадга эга бўлиши, меҳнати қадрланиши ва оиласи фаровонлигининг мустаҳкамланишидир.
Таҳлилларга кўра, Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва меҳнат муносабатларини расмийлаштиришда сезиларли натижалар қайд этилди. Йилнинг ўтган даврида 506 минг 122 та иш ўрни яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланди. Бу белгиланган режага нисбатан 139,6 фоизни ташкил этди. 58 минг 590 та доимий иш ўрни ташкил этилди.
Бу рақамлар ортида ҳудудларда ишга туширилган лойиҳалар, кенгайган хизмат кўрсатиш тармоқлари, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат фаоллиги, тадбиркорлик ташаббуслари ва иш берувчилар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик мужассам.
Энг муҳими, бандликка оид чоралар аҳолининг реал эҳтиёжи ва маҳаллаларнинг иқтисодий имкониятларига боғланган ҳолда амалга оширилмоқда.
Иш ўринлари яратишда биргина йўналишга таяниш эмас, иқтисодиётнинг турли тармоқларини қамраб олиш яхши самара беради. Вилоятда доимий иш ўринларини шакллантиришда молиявий кўмак, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, инвестиция лойиҳалари, қурилиш ва бошқа соҳалардаги мавжуд бўш иш ўринлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, йилнинг ўтган даврида молиявий кўмак орқали 21 минг 772 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 14 минг 947 та, қишлоқ хўжалигида 5 минг 484 та, инвестиция лойиҳалари доирасида 5 минг 42 та доимий иш ўрни ташкил этилди. Камбағалликни қисқартиришда энг муҳим омиллардан бири – оиланинг мунтазам даромад манбаига эга бўлишидир. Вилоятда бу борада сезиларли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, йилнинг ўтган даврида “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 45 минг 962 та оиланинг 212 минг 700 аъзосига 64 минг 500 та барқарор бандлик хизмати кўрсатилди. Бу ишлар режага нисбатан 242 фоизни ташкил этиб, воҳанинг камбағаллик даражасини сезиларли даражада пасайтириб бормоқда. Ўтган йил вилоятнинг камбағаллик даражаси 4,5 фоизни ташкил этган бўлса, шу йил якунида 2,8 фоизга туширилади. Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳри “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантирилади. Ишсизлик даражаси 4 фоизгача пасаяди.
Вилоятда аҳоли даромадини ошириш кўрсаткичи 146,9 фоиз бажарилиб, йўналишлар кесимида қишлоқ хўжалигида 111 минг 843, Марказий банк тизими орқали 95 минг 709, камбағалликни қисқартириш ва бандлик тизими орқали 81 минг 307, иқтисодиёт ва молия соҳасида 78 минг 682 нафар аҳоли даромади оширилди. Оила ва хотин-қизлар йўналишида 14 минг 881 нафар, ижтимоий ҳимоя тизими орқали 3 минг 708 нафар фуқаро қамраб олинди. Бу кўрсаткичлар аҳоли даромадини ошириш масаласи бир идоранинг вазифаси бўлиб қолмаётгани, балки барча соҳалар ҳамкорлигида ҳал этилаётганини англатади.
Даромад манбаларини кўпайтиришда томорқачилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш, кичик ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва молиявий кўмак механизмларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши ойдинлашди. Зеро, бундай ёндашув оилаларнинг фақат бугунги эҳтиёжини эмас, балки эртанги иқтисодий барқарорлигини ҳам таъминлашга хизмат қилади.

Бандлик сиёсатининг яна бир муҳим йўналиши меҳнат муносабатларини расмийлаштиришдир. Чунки норасмий меҳнат билан банд бўлган инсон кўп ҳолларда пенсия стажи, меҳнат таътили, ижтимоий суғурта ва бошқа қонуний кафолатлардан тўлиқ фойдалана олмайди. Шу боис иш ўринларини легаллаштириш нафақат иқтисодий, балки муҳим ижтимоий вазифа ҳамдир. Вилоятда тўққиз ойда 61 минг 402 та иш ўрни расмийлаштирилиб, режа 134,4 фоизга уддаланди. Бу жараёнда солиқ, ижтимоий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги, транспорт, қурилиш ва туризм соҳаларидаги ишлар муҳим ўрин тутди. Хусусан, солиқ тизими орқали 25 мингдан ортиқ, қишлоқ хўжалигида 9 минг 853 та, ижтимоий ҳимоя тизимида 9 минг 444 та иш ўрни расмийлаштирилди.
Мавриди келганда айтиш лозимки, бу рақамлар якуний манзил эмас, балки белгилаб олинган узоқ муддатли янада муҳим вазифалар учун асосдир. Эндиликда эътиборни яратилган иш ўринларининг барқарорлигига, иш ҳақи даражасига, касбий малака ва меҳнат унумдорлигига, норасмий бандликни қисқартириб, камбағалликдан чиққан оилаларнинг қайтадан оғир аҳволга тушиб қолмаслигига қаратиш зарур. Зотан, соҳадаги ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси ҳисоботлардаги фоизлар билангина эмас, балки ҳар бир хонадондаги ўзгариш, ишли бўлган инсоннинг хотиржамлиги, ўз бизнесини бошлаган оиланинг даромади ва фарзандлар келажагига бўлган ишонч билан ўлчанади.
Зебунисо Алимардонова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА