Каналлар бетонлаштирилиб, сув исрофи камаймоқда
Мирзаобод туманида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш ва экин майдонларини барқарор сув билан таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, Янгиобод ҳудудидаги 8,6 километр узунликдаги «Дўстлик-3» канали бетонлаштирилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 9 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Каналнинг бетон қоплама билан мустаҳкамланиши сувнинг ерга сингиши ва оқиш жараёнидаги йўқотишларни камайтириб, уни истеъмолчиларга самарали ҳамда барқарор етказиб бериш имконини беради. Бу эса фермер хўжаликларининг экин майдонларини ўз вақтида суғориш ва аҳолининг сув таъминотини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
— Амалга оширилган ишлар аҳоли ва фермер хўжаликларини сув билан таъминлаш сифатини ошириш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш борасидаги муҳим қадам бўлди, — дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Обид Аҳматқулов.
Каналнинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда туман нуронийлари, сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси ходимлари, соҳа мутасаддилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Бундай ишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Сайхунобод туманининг Бўстон ҳудудидан оқиб ўтувчи «Ўнг тармоқ-4» канали ҳамда Гулистон туманидаги «Пахтакор» канали ҳам бетонлаштирилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун «Ўнг тармоқ-4» каналига 12 миллиард сўм, «Пахтакор» каналига эса 7 миллиард сўм маблағ ажратилди.
— Ирригация тармоқларини бетонлаштиришдан асосий мақсад сув йўқотишларининг олдини олиш, тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланишдир. Энг муҳими, бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Зеро, сувни тежаш — бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири, — деди Обид Аҳматқулов.
Сув танқислиги тобора долзарблашаётган бугунги шароитда ирригация инфратузилмасини такомиллаштириш, каналларни бетонлаштириш ва сув йўқотишларини камайтириш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир томчи сувни тежаш нафақат бугунги ҳосилдорликни таъминлаш, балки келажак авлодлар учун ҳам бебаҳо ресурсни асраб-авайлаш демакдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири