Остонадаги халқаро кўргазмада Ўзбекистон автосаноати ҳам намойиш этилмоқда
Шу кунларда Қозоғистон пойтахтида “Comtrux Astana 2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Эътиборлиси, унда “Made in Uzbekistan” бренди остида юртимиз корхоналари ҳам иштирок этмоқда.
Таъкидлаш керакки, ушбу нуфузли тадбир Марказий Осиёда тижорат транспорти ҳамда йўл логистикаси бўйича ечимлар учун етакчи платформа ҳисобланади. Кўргазмада автомобилсозлик, хусусан, моторли транспорт воситалари ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи жами 230 дан зиёд корхоналар иштирок этяпти.

Муҳим жиҳати, бу йилги тадбирда автомобилсозлик ва ишлаб чиқаришда юксак салоҳиятга эга иккита мамлакатнинг миллий павильони ‒ Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси маҳсулотлари алоҳида диққат марказида бўлмоқда.
“Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ асосий ташкилотчилардан бири сифатида мамлакатимиздан 5 та йирик автосаноат субъектлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишлари учун барча шароитни яратди. Жумладан, делегациямиз таркибидан асосий ишлаб чиқарувчилар ‒ “SamAuto”, “UzAutoTrailer”, “Krantas”, “UzAuto Motors” ва “JAZ” корхоналари ўрин олган.
Ушбу корхоналар ихтисослашган ҳолда бутловчи ёки эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришдан йилига 2 миллион доллардан ортиқ ҳамда автомобиллар ёхуд тиркамаларни йиғиш ва тайёрлаш ҳисобига қарийб 480 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга экани билан ажралиб туради.

Умумий майдони 8000 квадрат метр бўлган кўргазма ҳудудининг қоқ марказида “Made in Uzbekistan” миллий стенди жойлашган бўлиб, у салкам 540 квадрат метрни ташкил қилади.
4000 нафарга яқин ташриф буюрувчиларни ўзида жамлаган тадбирда автосаноат ва асосий қисмлар ишлаб чиқариш соҳасида қизғин музокаралар, бизнес-суҳбатлар ҳамда манфаатли келишувлар учун яхшигина майдон вужудга келди.
Мазкур кўргазмада ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг иштироки Марказий Осиёда кучайиб бораётган саноат кооперациясини ўзида акс эттириб, мамлакатимизнинг минтақа бозоридаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
М.Комилова, ЎзА