Осойишталик йўли: 35 йиллик тараққиёт ва янги марралар
Жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўтган 35 йил давомида бу борада қандай ислоҳотлар амалга оширилди? Патруль-пост хизмати, маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ва рақамли технологиялар тизим самарадорлигига қандай таъсир кўрсатмоқда?
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бош илмий ходими, профессор Санжар Шарипов билан шу мавзуда суҳбат уюштирди.
— Ички ишлар органларининг 35 йиллик тараққиёт йўли қандай кечди?
— Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Бунинг кундалик ҳаётдаги ифодаси кўча ва хиёбонлардаги тартиб, маҳалладаги хавфсиз муҳит, оммавий тадбирлардаги осойишталик ва фуқаролар мурожаатига ўз вақтида муносабатда намоён бўлади. 25 октябрь мамлакатимизда Ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида нишонланади. Ички ишлар органларининг 35 йиллик тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, жамоат тартибини сақлаш тизими ҳам катта ўзгаришларни босиб ўтганини кўрамиз. Дастлаб миллий ҳуқуқ-тартибот тизимининг ташкилий, ҳуқуқий ва кадрлар пойдевори шакллантирилди, патруль-пост хизмати, таянч пунктлари, профилактика инспекторлари институти ва жамоатчилик билан ҳамкорлик механизмлари изчил ривожлантирилди. Шу тариқа жамоат тартибини сақлашнинг миллий модели қарор топиб, кейинги ислоҳотлар учун мустаҳкам асос яратилди.
— Кейинги йилларда соҳадаги ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати нимада?
— Энг муҳим ўзгариш — хизмат фалсафасининг янгиланганида. 2016 йилдан соҳадаги ислоҳотлар янги мазмун касб этди. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун билан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ички ишлар органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамланди. 2017 йилдаги кенг кўламли ислоҳотлар эса нафақат тузилмани, балки хизмат фалсафасини ҳам ўзгартирди. “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” ғояси асосий мезонга айланиб, аҳоли билан очиқ мулоқот, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоатчилик билан ҳамкорлик ва замонавий технологиялардан фойдаланиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Жамоат тартибини сақлаш бўлинмаларида вазифаларни аниқ тақсимлаш, ходимларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш ва замонавий иш усулларини қўллашга асосланган тартиб шаклланди. Шу тариқа хизмат фақат содир бўлган ҳуқуқбузарликка муносабат билдиришдан уни олдиндан бартараф этиш, хавфни баҳолаш ва куч-воситаларни вазиятга қараб бошқаришга йўналтирилди.
— Патруль-пост хизмати фаолиятида қандай янгиликлар жорий этилди?
2018 йилда Тошкент шаҳрида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси доирасида патруль хизматини ташкил этишнинг янги механизмлари жорий этилди. Кечки ва тунги вақтларда кучларни мақсадли жалб этиш, уч сменали хизмат, автомобиль ва пиёда патруллашни уйғунлаштириш, криминоген вазиятга қараб йўналишларни ўзгартириш ва ҳодиса жойига энг яқин нарядни юбориш амалиёти йўлга қўйилди.
Натижада патруль наряди қатъий маршрут бўйича ҳаракатланувчи хизматдан вазиятга тез мослаша оладиган ҳаракатчан кучга айланди. Куч ва воситаларни аҳолига яқин жойлаштириш, криминоген ҳолатдан келиб чиқиб патруллаш йўналишларини белгилаш ва мобиль бошқарувни кучайтириш замонавий хизматнинг муҳим белгисига айланди. 2022 йилда эса патруль-пост хизмати саф бўлинмаларини авто ва мототранспорт воситалари билан босқичма-босқич таъминлаш, айрим ҳудудларда отлиқ отрядларни ривожлантириш чоралари белгиланди.
— Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг ташкил этилиши қандай аҳамиятга эга?
—2021 йилда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация йўналишларини бир тизимда мувофиқлаштириш имконини берувчи Жамоат хавфсизлиги департаменти ташкил этилди. Бу “республика – вилоят – туман – маҳалла” занжири асосида яхлит бошқарувни шакллантиришга хизмат қилди.
2021 йил 29 ноябрда Жамоат хавфсизлиги концепциясининг қабул қилиниши ислоҳотларни ягона давлат сиёсати даражасига кўтарди. Жамоат хавфсизлиги инсон ҳуқуқлари, жамият барқарорлиги ва турли таҳдидлардан ҳимояланганлик билан узвий боғланди. Шу тариқа жамоат тартибини сақлаш алоҳида патруль хизмати доирасидан чиқиб, интеграциялашган жамоат хавфсизлиги тизимининг муҳим таркибий қисмига айланди.
2022 йилда қабул қилинган қарор асосида 2023 йилдан патруль-пост хизмати фаолиятига “E-patrul” тизимини босқичма-босқич жорий этиш бошланди. Фуқаронинг шахсини аниқлаш учун уни ички ишлар органига олиб бориш ўрнига маълумотларни жойида планшет орқали текшириш, ходим билан фуқаро мулоқотини бодикамера орқали қайд этиш имконияти яратилди.
Бу фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш, ходим вақтини тежаш, текширувни тезлаштириш ва хизмат шаффофлигини оширишга хизмат қилди. Рақамлаштириш шу тариқа ходимни алмаштирувчи эмас, балки унинг имкониятини кенгайтирувчи воситага айланмоқда. Жамоат хавфсизлиги концепциясида эса турли бўлинмалар ахборот тизимларини “E-jamoat xavfsizligi” ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида интеграция қилиш вазифаси белгиланди.
— Малакали кадрлар тайёрлаш борасида қандай вазифалар белгиланган?
— Жамоат хавфсизлиги соҳасида ходимнинг касбий билими, психологик бардошлилиги ва тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тизим самарадорлиги, аввало, ходимнинг билими, касбий маҳорати ва тезкор вазиятда тўғри қарор қабул қила олишига боғлиқ. Шу боис кадрлар тайёрлаш тизими ҳам янги босқичга кўтарилди.
2026 йилда Жамоат хавфсизлиги университетини ушбу соҳада кадрларни мақсадли тайёрлашга ихтисослаштириш, жумладан, “Жамоат тартибини сақлаш фаолияти” йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш, дуал таълимни кенгайтириш ва курсантларни амалиётга яқин шароитда ўқитиш белгиланди. Ўқув жараёнига хавф-хатар таҳлили, профайлинг, CPTED, OSINT, геоахборот тизимлари, учувчисиз учиш қурилмалари ва сунъий интеллект каби замонавий йўналишларни киритиш ҳам назарда тутилди.
Шу билан бирга, 2030 йилга қадар “мактаб – лицей – техникум – олийгоҳ – тармоқ – малака ошириш” занжири асосида узлуксиз таълим кластерини шакллантириш, ностандарт вазиятларда қарор қабул қилиш, психологик бардошлилик ва муомала маданияти каби амалий компетенцияларни кучайтириш белгиланди. Бу умумий тайёргарликдан аниқ ихтисослашувга, назарий таълимдан амалий ва узлуксиз касбий ривожланишга ўтишни англатади.
— Келгусида жамоат хавфсизлигини таъминлашда қайси йўналишлар устувор бўлади?
Биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва масъул тузилмалар ҳамкорлигини кучайтириш муҳим. Ана шундай жиҳатларни инобатга олган ҳолда жамоат тартибини сақлаш соҳасидаги янгиланишлар давом этмоқда. 2026 йилда жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш, профилактика, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация хизматлари ҳамкорлигини кучайтириш, жамоат жойлари, маҳаллалар ва хонадонларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича янги чоралар белгиланди.
2026 йил 1 ноябрдан жорий этилиши назарда тутилган тартибга кўра, “112” тизими орқали келиб тушган хабарлар бўйича патруль-пост ва қўриқлаш нарядларининг жамоат жойлари билан бирга аҳоли хонадонларида содир бўлган ҳодисаларга ҳам тезкор етиб бориши, патруль йўналишларининг маҳаллалар ички кўчаларини ҳам қамраб олиши белгиланди.
Ўтган 35 йиллик тараққиётни бир нечта рамзий қиёсда ифодалаш мумкин: таянч пунктларидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларига, анъанавий патруллашдан “Е-patrul”га, қатъий маршрутлардан криминоген вазиятга мос тезкор бошқарувга, алоҳида хизматлардан интеграциялашган жамоат хавфсизлиги тизимига ўтилди.
Бу ютуқлар замирида ички ишлар органларида хизмат қилган ва бугун ҳам халқ осойишталиги йўлида меҳнат қилаётган авлодларнинг касбий тажрибаси ва бурчга садоқати мужассам. Зеро, барча ислоҳотлар, замонавий техника ва бошқарув механизмларининг бош мақсади битта – инсоннинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш.
Ички ишлар органларининг 35 йиллиги ва 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни ана шу шарафли йўлни сарҳисоб қилиш, эришилган натижаларни эътироф этиш ва янги тараққиёт марраларини белгилаш учун муҳим фурсат.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
ЎзА мухбири
Ҳамроз Баянов суҳбатлашди.