Эмлаш – саломатлик кафолати
Тошкент шаҳрида ўтказилган профилактик тадбирлар натижалари эълон қилинди.
Юқумли касалликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда мустаҳкам эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида кенг кўламли профилактик чора-тадбирлар изчил давом этмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан пойтахтимизда амалга оширилган сўнгги назорат ва эмлаш тадбирларининг натижалари бу борадаги ишларнинг тизимли олиб борилаётганидан далолат.
Маълум қилинишича, пойтахтда юқумли хасталикларнинг тарқалишига қарши курашиш доирасида кенг кўламли профилактик тадбирлар ташкил этилиб, уларнинг натижасида салмоқли кўрсаткичларга эришилди. Хусусан, эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида жами 78 минг 259 нафар фуқаро қизамиққа қарши эмланди.
Шу билан бирга, эпидемиологик назоратни кучайтириш борасида ҳам жиддий қадамлар ташланди. Жумладан, қизамиққа гумон қилинган 290 нафар бемор билан мулоқотда бўлган 10 минг 39 нафар шахс тўлиқ аниқланиб, улар орасида бунгача эмланганлик ҳақида маълумоти бўлмаган 1 минг 623 нафар фуқаро эпидемик кўрсатма асосида вакцина олди. Бундай манзилли ва тезкор чоралар касаллик ўчоқларининг кенгайиб кетишига ўз вақтида тўсқинлик қилмоқда.
Пойтахтимизда режали иммунизация жараёнлари ҳам юқори дастурий асосда бажарилмоқда. Жумладан, режали эмлаш доирасида 47 минг 494 нафар 1 ёшли ва 42 минг 767 нафар 6 ёшли бола қизамиқ, паротит ва қизилчага қарши (КПК) вакцинаси билан тўлиқ эмланди. Болаларни ўз вақтида эмлаш кампанияси келажакда уларнинг соғлом вояга етишида муҳим кафолат ҳисобланади.
Бундан ташқари, касалликларни эрта босқичда аниқлаш мақсадида замонавий лаборатор текширувлар кенг кўламда ташкил этилди. Хусусан, кўкйўтал бўйича 110 нафар фуқаро ташхисот мақсадида, 8 нафари эса эпидемик кўрсатма асосида текширилди. Шунингдек, бўғма (дифтерия) касаллиги бўйича 3 минг 482 нафар фуқаро профилактик мақсадда ва 902 нафари ташхисот асосида текширувлардан ўтказилди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, амалга оширилган лаборатор таҳлиллар натижасида ушбу хасталиклар бўйича бирорта ҳам мусбат ҳолат қайд этилмади.
Мутахассисларнинг эслатишича, эмлаш юқумли касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли, айниқса, ёш авлод саломатлигини ишончли ҳимоя қилишнинг энг самарали ҳамда илмий исботланган воситасидир. Шу боис, ота-оналардан фарзандларининг миллий эмлаш тақвимига қатъий риоя этишлари сўралмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА