Шифокорларимиз Франциянинг етакчи онкология марказида малака оширди
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини, хусусан, онкология хизматини жаҳон стандартлари асосида модернизация қилиш, энг илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш борасидаги халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Бунинг яққол тасдиғи сифатида, шу кунларда юртимизнинг бир гуруҳ малакали мутахассислари – тиббий онкологлар ҳамда молекуляр диагностика йўналишидаги тиббий биологлар Франциянинг Европа ва жаҳон миқёсида машҳур бўлган етакчи тиббиёт муассасаларидан бири – Gustave Roussy институтида ўқув-амалий стажировкани муваффақиятли тамомлади.
Жорий йилнинг 5-16 октябрь кунлари ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро дастур маҳаллий кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий илғор технологиялар ҳамда даволаш усулларини ўзлаштиришда муҳим қадам бўлди.
Стажировка давомида ўзбекистонлик шифокорлар мазкур илмий-клиник марказнинг кундалик фаолияти, патоморфология, молекуляр ҳамда генетик диагностика жараёнлари, шунингдек, оғир хасталикка чалинган беморларни бошқаришнинг замонавий тизими билан яқиндан танишди.

Интенсив дастур доирасида тиббиётнинг бир қатор ўта муҳим ва нозик йўналишлари, жумладан, гинекологик ва торакал онкология, хавфли ўсмалар (саркомалар), гематология, радиaцион онкология, шунингдек, аниқ тиббиёт (Precision Medicine) ва молекуляр диагностика каби соҳалар чуқур қамраб олинди. Мутахассислар назарий билимлардан ташқари турли кўп тармоқли консилиумлар (MDT) йиғилишларида бевосита иштирок этиб, мураккаб клиник ҳолатларни хорижлик ҳамкасблари билан биргаликда муҳокама қилди.
Хусусан, ташриф давомида Gustave Roussy институтининг Тиббий биология ва патология департаменти раҳбари, профессор Сесил Бадуаль бошчилигида лаборатория ва патоморфология хизматининг иши атрофлича ўрганилди.
Ўзбекистонлик мутахассислар замонавий лаборатор диагностика жараёнлари, биологик намуналарни автоматик тарзда қайта ишлаш тизимлари ҳамда юқори аниқликдаги молекуляр-генетик текширувларнинг ташкил этилиш тартиби билан танишди. Айниқса, саркомалар бўйича ўтказилган кўп тармоқли консилиумда қисқа фурсат ичида кўплаб оғир ҳолатларни мутахассислар жамоаси томонидан таҳлил қилиш амалиёти катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур стажировка доирасида Gustave Roussy институтининг бош директори, профессор Фабрис Барлеси, шунингдек, марказнинг турли етакчи йўналишларига раҳбарлик қилувчи таниқли профессорлар ва соҳа экспертлари билан қатор учрашувлар ташкил этилди. Мулоқотлар чоғида келгусидаги қўшма лойиҳалар, илмий тадқиқотлар ва ўзаро тажриба алмашинувларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Замонавий онкологик ёрдамни ташкил этиш, молекуляр диагностика, аниқ тиббиёт ва мультидисциплинар ёндашув бўйича Европанинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш ҳамда ушбу янгича усулларни келгусида Ўзбекистон онкология амалиётига муваффақиятли татбиқ этиш мақсадида амалга оширилган ушбу стажировка муваффақитил якунланди. Юртимиз мутахассисларига махсус халқаро сертификатлар топширилди.

Бу каби халқаро ташаббуслар келажакда юртимизда онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта босқичда аниқлаш ва даволаш сифатини янги, юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА