Осиё ўйинларида спортчиларимизнинг шашти баланд
Японияда давом этаётган ХХ Осиё ўйинларининг 27 сентябрь кунги беллашувлари якунига етди. Унда спортчиларимиз тўртта медални қўлга киритди.
Аичи ва Нагоя шаҳарларидаги спорт мажмуаларида ўтказилаётган Осиё ўйинларининг саккизинчи кунида спортчиларимиз ўқ отиш, теннис, кураш, қиличбозлик, енгил атлетика, синхрон сузиш, чим устида хоккей, бокс, сувга сакраш, гандбол ва волейбол турларида баҳс олиб борди.
Хусусан, кураш мусобақаларининг +90 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шоҳруҳхон Бахтиёров олтин, яна бир вакилимиз Бекмурод Олтибоев бронза медалга сазовор бўлди. Аёллар ўртасида -57 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган Ибодатхон Агожонова эса барча рақибларини мағлуб этиб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.
Шунингдек, қиличбозликнинг сабля йўналишидаги жамоавий баҳсларда Зайнаб Дайибекова, Фернанда Эррера, Гулистан Пердебаева ҳамда Самира Шокировандан иборат Ўзбекистон терма жамоаси бронза медалини қўлга киритди.
Теннис бўйича жамоавий беллашувларда Сергей Фомин ва Ҳумоюн Султоновдан иборат тандем Хитой Тайпейи терма жамоасини 4:6, 6:3, 10:3 ҳисобларида мағлуб этди.
Бокс беллашувларида -80 килограмм вазн тоифасидаги жаҳон чемпиони Фазлиддин Эркинбоев илк жангини шри-ланкалик Язмин Моҳаммедга қарши ўтказди. Рақибидан ҳар жабҳада устун бўлган боксчимиз жангни биринчи раунддаёқ нокаут билан якунлади.
-60 килограмм вазн тоифасида иштирокини давом эттираётган Абдумалик Халоков чорак финалда филиппинлик Жунмилардо Огайрени, +90 килограмм вазн тоифасида Жаҳонгир Зокиров эса тожикистонлик Муҳаммад Аброриддиновни мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.
Афсуски, Нигина Ўктамова ва Навбаҳор Ҳамидова ўз вазн тоифаларида рақибларига мағлуб бўлди.
[gallery-31635]
Шу тариқа, Ўзбекистон делегациясининг 27 сентябрь кунги баҳслардан сўнг Осиё ўйинларидаги медаллари сони 10 та олтин, 17 та кумуш ва 11 та бронза, жами 38 тага етди. Делегациямиз умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўриндан жой олди.
Медаллар жамғариш бўйича кучли учликда Хитой — 119 та олтин, 48 та кумуш ва 38 та бронза, Япония — 32 та олтин, 62 та кумуш ва 58 та бронза, Жанубий Корея — 21 та олтин, 23 та кумуш ва 39 та бронза медаль билан бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат) Япония,
ЎзА