Осиё ўйинлари якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлигида яқинда Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилган XX Осиё ўйинлари якуни ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Спорт вазири ўринбосари Азамат Қалбоев иштирокчиларга тўлиқ маълумот берди.
Таъкидланганидек, мазкур Осиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза, жами 70 та медалга сазовор бўлиб, 45 мамлакат орасида фахрли бешинчи ўринни эгаллади. Мамлакатимиз спорт делегациясининг ушбу ютуғига қорақалпоғистонлик спортчилар ҳам муносиб ҳиссасини қўшди.

Жумладан, мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикасидан 22 нафар спортчи 11 та спорт туридан иштирок этди. Қувонарлиси шундаки, Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этган спортчилардан Академик эшкак эшиш туридан қизлар ўртасида бўлган беллашувларда Айдана Сметуллаева 2 кишилик ва 4 кишилик эшкак эшиш беллашувларида иккинчи ўринни эгаллаб, 2 та кумуш медални қўлга киритган бўлса, қиличбозликнинг сабля туридан якка беллашувда Зайнаб Дайибекова иккинчи ўринни эгаллади. Жамоавий баҳсларда саблячи қизлар Зайнаб Дайибекова ва Гулистон Пердебаева бронза медалини қўлга киритди.

Юнон-рум кураши бўйича Жалғасбай Бердимуратов, дзюдо бўйича Эрназар Сарсенбаев бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, Эрназар Сарсенбаев дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жамоавий беллашувларида ҳам самарали иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди.
Жорий йилнинг ўтган олти ойида Қорақалпоғистон спортчилари Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларида, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ва кубокларида, шунингдек, халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, жами 2 минг 831 медални қўлга киритди.
Улар орасида, Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларида 2 минг 314 та, шу жумладан, 575 олтин, 685 кумуш ва 1054 бронза медаль, Осиё чемпионатлари ва кубокларида 134 медаль, шу жумладан, 36 олтин, 45 кумуш ва 53 бронза медаль, жаҳон чемпионатлари ва кубокларида 54 медаль, шу жумладан, 14 олтин, 23 кумуш ва 17 бронза медаль, бошқа халқаро турнирларда 329 медаль, шу жумладан, 111 олтин, 71 кумуш ва 147 бронза медалини қўлга киритди.
Бу рақамлар ортида спортчиларимизнинг ҳар кунлик тинимсиз меҳнати, мураббийларнинг касбий маҳорати, спорт мактаблари ва муассасалари фаолияти, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши ва давлат томонидан яратилаётган шароитлар мужассам.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Шу куни Нукус шаҳридаги “Турон” ўйингоҳида амалга оширилган реконструкция ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ҳам ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири