Таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган болалар учун зарур шароитлар яратиш долзарб масала
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда партия гуруҳи раҳбари Бахтиёр Ташев, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси шуъба мудири Нурбек Улуғбердиев сўзга чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий хизматлар ва реабилитация воситалари билан таъминлаш, уларнинг сифатли таълим олиши ҳамда муносиб иш билан бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 261 нафар ногиронлиги бўлган ўқувчи таълим олади. Уларнинг 237 нафари ақлий ривожланишда, 15 нафари эшитишда, 7 нафари таянч ҳаракатида ва 2 нафари кўришда нуқсони бўлган ўқувчилар ҳисобланади. Жорий йилда вилоятдаги инклюзив мактабларда қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш ҳамда уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида жами 4,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Муҳокамаларда инклюзив таълимни ривожлантириш, ногиронлиги бўлган болалар учун таълим муассасаларида зарур шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, инклюзив таълим жорий этилган мактабларда тўсиқсиз муҳитни шакллантириш, пандуслар ва мослаштирилган санитария хоналарини ташкил этиш, коррекцион машғулотлар учун зарур жиҳозлар билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни малакали педагоглар ва мутахассислар кўмагида таълимга жалб этиш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация воситалари билан ўз вақтида таъминлаш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг меҳнат фаолиятида иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Йиғилиш якунида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, инклюзив таълим сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича келишиб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири