Ҳар бир мурожаат ортида инсон бор
Жиззах вилоятида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва даромадли меҳнат билан шуғулланиши учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев топшириғига мувофиқ, ҳудудларда ишсиз ёшлар билан масъул раҳбарларнинг очиқ мулоқотлари ташкил этилмоқда.
Навбатдаги раҳбар ва ёшлар учрашувлари Ғаллаорол ҳамда Бахмал туманларида бўлиб ўтди. Уларда Ғаллаоролда 800 нафарга яқин, Бахмалда эса 1 минг нафардан зиёд ёш иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мулоқотлар давомида иш топиш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.


Эътиборлиси, суҳбатларда нафақат мавжуд муаммолар, балки уларнинг амалий ечимларига ҳам алоҳида урғу берилди. Бугун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, муваффақиятга эришаётган, тенгдошларига намуна бўлаётган ёшлар иштирокидаги очиқ мулоқотлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларнинг тажрибаси, амалий тавсиялари ва ҳаётий мисоллари бошқа ёшлар учун ҳам янги ташаббусларга туртки бермоқда.


Учрашувлар якунида ҳар бир мурожаатни манзилли ўрганиш, аниқланган муаммоларга ечим топиш ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

Зеро, ёшларнинг ишли бўлиши нафақат уларнинг шахсий фаровонлиги, балки оилалар осойишталиги, ҳудудлар тараққиёти ва жамият барқарорлигининг ҳам муҳим омилидир. Асосий мақсад – ҳар бир ёшнинг меҳнат салоҳиятини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва келажакка ишончини мустаҳкамлаш.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири