Андижонлик гимнастикачи қизлар жамоаси ғолиб бўлди
Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида бадиий гимнастика бўйича қизлар ўртасида “GOLDEN AUTUMN” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда бадиий гимнастика турини ривожлантириш ва оммалаштириш, қизларнинг спортнинг ушбу турига бўлган қизиқишини ошириш, ёш спортчиларни муносиб рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, турли мусобақаларнинг ўтказилиши бадиий гимнастика билан шуғулланаётган қизларнинг иқтидор ва маҳоратларини тўлақонли намоён этишларига кенг имкон бермоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги, спорт бошқармаси, гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган халқаро турнирда республикамиз спортчилари, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия давлатларидан ташриф буюрган 2006–2021 йилларда туғилган 500 нафардан зиёд гимнастикачи қизлар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.


Беллашувлар давомида иштирокчиларнинг техник тайёргарлиги, ижро маҳорати ва нафис чиқишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
– Иштирокчилар яккалик ва жамоавий чиқишлар орқали ўз маҳоратларини намойиш этди, – дейди Андижон вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби мураббийи Муҳсина Фозилжонова. – Қатнашчилар чиройли чиқишлари билан спортнинг нафис тури ҳисобланган бадиий гимнастиканинг ўзига хос нозик жиҳатлари, техникасини пухта ўзлаштириб олганликларини кўрсата олди. Халқаро мусобақада Андижон вилояти гимнастикага ихтисослашган спорт мактаби гимнастикачи қизлар жамоаси жамоавий чиқишларда биринчи ўринни қўлга киритганлиги биз – мураббийларни беҳад қувонтирди.

Турнир ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан, тегишли медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, юқори натижаларни қайд этган спортчиларнинг мураббийлари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.