Осиё фаол аёллари коррупциянинг хотин-қизлар иқтисодий имкониятларига таъсирига чек қўйиш масаласига эътибор қаратди
Осиё хотин-қизлари иккинчи форумида хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларига қаратилган муҳим масалаларга эътибор қаратилди.
Форум доирасида “Хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш – барқарор бандлик, тадбиркорлик ва мувозанатлашган минтақавий ўсиш омили” мавзусида сессия ўтказилди.
Унда жаҳон ва минтақада меҳнат бозорлари трансформацияси шароитида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш орқали барқарор ўсишни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хотин-қизларнинг меҳнат бозори ва бизнесдаги иштирокини кенгайтириш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, даромадлардаги гендер тафовутни қисқартириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани қайд этилди.
Муҳокамалар давомида парвариш иқтисодиётини ривожлантириш, оилага йўналтирилган меҳнат сиёсати, норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш ва хотин-қизларни муносиб меҳнат билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рақамли трансформация, инновациялар ва янги технологиялар хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Сессияда, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, самарали амалиётлар алмашинуви, қўшма таълим ва тадбиркорлик дастурларини амалга ошириш, меҳнат стандартлари ва ҳимоя механизмларига ёндашувларни уйғунлаштириш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.
“Илм-фан, таълим, экология, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида хотин-қизлар: янги авлод имкониятлари” мавзусидаги сессияда хотин-қизларнинг замонавий илм-фан ва технология соҳаларидаги иштироки, улар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда бу йўналишдаги халқаро тажриба муҳокама қилинди.
Хотин-қизларни STEM таълимига жалб этиш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида уларнинг салоҳиятини ривожлантириш, экологик ташаббуслардаги иштироки ҳамда технологиялар орқали содир этиладиган гендер зўравонликка қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қизларни сифатли таълимга кенг жалб этиш, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, уларни илмий тадқиқотлар ва технологик стартапларга фаол жалб қилиш барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.
“Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли муҳитда хавфсизлигини таъминлаш: барқарор ва инклюзив жамиятни шакллантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусидаги сессияда Ўзбекистоннинг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, кибермакондаги таҳдидларга қарши самарали механизмларни жорий этиш борасидаги тажрибаси, шунингдек, Осиё давлатлари билан минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Коррупциянинг аёлларнинг иқтисодий имкониятларига таъсири, рақамли муҳитда гендер зўравонликнинг олдини олиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сессия якунлари бўйича мазкур йўналишларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва аниқ амалий механизмларни жорий этишга келишиб олинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА