“Хитой - Марказий Осиё” инсон ҳуқуқлари бўйича форумида “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди
Тошкентда “Хитой - Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форум бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Хитой жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан ташкил этилган форум “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни биргаликда рағбатлантириш” мавзусига бағишланди.
Форум Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг эксперт, илмий, давлат ва ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори А.Саидов тадбирнинг БМТ Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 40 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилиши форумга алоҳида аҳамият бағишлаганини таъкидлади.
Шу муносабат билан иштирокчилар ривожланиш ҳуқуқи инсоннинг фундаментал ҳуқуқларидан бири эканини, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёт эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг энг муҳим шарти эканини тасдиқлади.
[gallery-29402]
Форум иштирокчилари экология ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ҳужжатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраш, яшил ва кам углеродли ривожланишни илгари суриш, шунингдек, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ва соғлиғини сақлаш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимлиги қайд этилди.
Рақамли технологияларни ривожлантириш ва сунъий интеллектдан инсон манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида белгиланди. Форум иштирокчилари рақамли тафовутни қисқартириш, янги технологияларни қўллаш билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш ҳамда улардан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Томонлар минтақа давлатларининг тарихий, маданий ва ижтимоий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда инсон ҳуқуқларини ривожлантиришнинг миллий моделларини қўллаб-қувватлашларини тасдиқлаб, цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканликларини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчилар якуний ҳужжат – “Тошкент ташаббуси”ни қабул қилди. Унда томонларнинг инсон ҳуқуқлари, барқарор ривожланиш ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган умумий интилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
“Тошкент ташаббуси”да аҳоли турмуш сифатини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, яшил энергетика ва бандликни ривожлантириш мақсадида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳужжат Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, жамоат ташкилотлари, университетлари, таҳлилий марказлари, оммавий ахборот воситалари, ишбилармон доиралари ва ёшлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни назарда тутади.
Форум иштирокчилари “Хитой - Марказий Осиё” форумини инсон ҳуқуқлари соҳасида мулоқот, тажриба алмашиш ва қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш учун доимий халқаро платформа сифатида институционал ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр эканликларини тасдиқлади.
Норгул Абдураимова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА