Наманганда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари юксак савияда ташкил этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон қадри, илм-фан ва таълимга бўлган юксак эътибор мужассам. Айниқса, ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида юртимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Янги Наманган туманидаги 2-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
[gallery-29625]
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз мактаблари битирувчи ўғил-қизларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Вилоят ҳокими ўз сўзида юртимизда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Устоз ва мураббийларнинг фидокорона меҳнати, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти ҳамда ўқувчи-ёшларнинг эришаётган ютуқлари Янги Ўзбекистон тараққиётида муҳим омил экани таъкидланди.
Тадбир давомида мазкур таълим муассасасини тамомлаётган 120 нафар битирувчига келгусидаги ўқиш ва меҳнат фаолиятида муваффақиятлар тиланди. Йил давомида аъло баҳолари, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги билан ажралиб турган ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди. Шу билан бирга, иқтидорли ўқувчиларнинг ота - оналариги “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она” каби номинациялар бўйича ташаккурномалар топширилди.
Таъкидлаш жоиз, 2025/2026 ўқув йилида Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларини 39 минг 981 нафар ўқувчи тамомламоқда. Битирувчилар орасидан 725 нафари олтин, 150 нафари кумуш медалга сазовор бўлди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА