Эҳтиёжманд оилаларга меҳр ва саховат улашилди
Юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш ва хайрия тадбирларини кенг йўлга қўйиш эзгу қадрият сифатида юксак аҳамият касб этмоқда. Айниқса, муборак Қурбон ҳайити байрами арафасида амалга оширилаётган хайрли ишлар халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик фазилатларининг ёрқин ифодаси бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро туманида кенг кўламли хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Хусусан, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан туманда истиқомат қилувчи 600 нафар кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Мазкур хайрли тадбир орқали юзлаб хонадонларга байрамона кайфият, меҳр ва эътибор улашилди.

Тақдим этилган ёрдам пакетлари таркибидан кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган ун, ёғ, гуруч, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олди. Бу эса эҳтиёжманд оилаларнинг Қурбон ҳайитини муносиб, хотиржам ва шукроналик руҳида ўтказишига амалий кўмак бўлди.

Тадбир давомида ташкилотчилар бундай хайрия ишлари жамиятда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатида доимий эътибор марказида экани қайд этилди.

Бу каби саховат тадбирлари нафақат эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш, балки жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтириш, инсон қадрини улуғлаш ва эзгулик ғояларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири