Оромгоҳларда болалар хавфсизлиги қандай таъминланмоқда?
Ўқув йили тугаши муносабати билан болаларнинг ёзги оромгоҳларда дам олишини ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Айниқса, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш алоҳида эътиборда.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментидан маълум қилишларича, вояга етмаганлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олиш, уларнинг ёзда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ИИВнинг тегишли фармойиши қабул қилинди.
— Шунга асосан оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматида Республика ишчи гуруҳи тузилиб, ҳудудлар кесимида масъул ходимлар бириктирилди, — деди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова. – Жорий йилда республика бўйича 181 стационар оромгоҳда 160 мингга яқин болаларнинг дам олиши режалаштирилган. Оромгоҳларнинг 13 таси Тошкент шаҳри, 27 таси Хоразм, 19 таси Тошкент, 14 таси Самарқанд, 17 таси Қашқадарё, 12 таси Фарғона, 12 таси Андижон, 11 таси Қорақалпоғистон, 10 та Навоий, 9 таси Жиззах, 11 та Бухоро, 9 таси Сурхондарё, 9 таси Наманган, 2 таси Сирдарё вилоятларида, 5 таси “Темирйўлчилар” акциядорлик жамиятлари объектларида жойлашган.

Уларнинг иш тартиби 3 сменадан 8 сменагача ташкил этилган. Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш учун 387 нафар ходим бириктирилган.
Болаларни оромгоҳларга хавфсиз олиб бориш ва қайтариш ишларини таъминлашда эса 650 нафардан зиёд йўл-патруль хизмати ходимлари бириктирилди.

Оромгоҳларга олиб борувчи 3411,6 км автомобиль йўллари кўрикдан ўтказилиб, 1 минг 297 дона йўл белгиси ўрнатилди, 244 км йўл қисми ва 368 пиёдалар ўтиш жойига йўл чизиқлари чизилди, 134 км йўл таъмирланди. Шунингдек, оромгоҳларга бириктирилган ходимлар томонидан 297 маротаба ҳуқуқий тарғибот ўтказилди.
Оромгоҳларга бириктирилган ходимлар томонидан асосий эътибор дам олаётган болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ўсмирлар орасида совуқ қурол олиб юриш, спиртли ичимлик ёки гиёҳвандлик моддаларни истеъмол қилиш, болалар томонидан ёки уларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА