Жиноий режа барбод бўлди
"Долзарб 20 кунлик" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бўлинмаси тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тадбирда 20 ёшли аёлнинг “одам савдоси” қурбони бўлишининг олди олинди.
Маълум бўлишича, Ангрен шаҳрида яшовчи 25 ёшли аёл Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида яшовчи танишлари билан жиноий тил бириктириб, осон даромад орттириш мақсадида, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида яшовчи аёлнинг ишончига кирган. Уни алдов йўли билан чет элга юборишга уринган. Гумонланувчи шахс, ушбу аёлни хориждаги танишида мўмай даромад топувчи бир нечта бўш иш ўринлари борлигига ишонтирган. Шундан сўнг Тошкент халқаро аэропорти орқали Дубай шаҳрига “шаҳвоний экстрадиция”, фоҳишалик учун юбораётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланди.

Маълумотларга кўра, жабрланувчини Дубай шаҳрида яшовчи бошқа бир Ўзбекистонлик аёл кутиб олиши керак бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жиноятга алоқадор бошқа шахсларнинг шахсини аниқлаш ва уларни терговга жалб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қонунчиликка асосан “Одам савдоси” билан шуғулланиш 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
А.Мусаев, ЎзА мухбири