Муҳим лойиҳа старт олди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари ҳамда медиа соҳасининг бошқа вакиллари касбий салоҳиятини оширишга қаратилган “Медиа ҳафталик” тадбирларига старт берилди. 15–19 июнь кунлари давом этадиган мазкур йирик таълимий-амалий лойиҳа доирасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан қарийб 600 нафар иштирокчи қамраб олинган. Лойиҳага қизиқиш юқори бўлиб, унда иштирок этиш истагини билдирганлар сони 1000 нафардан ошган.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда медиа соҳаси вакиллари иштирок этишди.


Очилиш маросимида сўзга чиққан Сирдарё вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев, Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази бўлим бошлиғи Иброҳим Саидов, Сирдарё вилояти телерадиоканали давлат муассасаси раҳбари Зафар Дархонов, “Янги Сирдарё” газетаси бош муҳаррири Баҳром Боймуродов ҳамда “Халқ сўзи” газетасининг вилоятдаги мухбири Аҳмадали Шерназаров мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига тезкор, холис ва таъсирчан етказишда медиа соҳаси вакилларининг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.



Таъкидланганидек, бугунги глобал ахборот маконида рақамли технологиялар жадал ривожланиб, сунъий интеллект имкониятлари кенгайиб бораётган бир шароитда журналистлар, блогерлар ва матбуот котиблари олдига янги вазифалар қўйилмоқда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, фактларни текшириш, аудитория билан самарали мулоқот ўрнатиш ҳамда ишончли контент яратиш давр талабига айланмоқда.
– Бугун ахборот алмашинуви жараёнлари жадал тус олмоқда. Сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши, ижтимоий тармоқлар таъсирининг ортиши ва фейк хабарлар оқими медиа соҳаси вакилларидан мутлақо янги билим ва кўникмаларни талаб этмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган “Медиа ҳафталик” доирасида республика ва халқаро тажрибага эга экспертлар иштирокчилар билан ўз билим ва тажрибаларини ўртоқлашади, – деди Иброҳим Саидов.


Тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар “Экспертларнинг тренинг мақсади ва вазифалари”, “Ўзбекистон босма медиасида контент: амалиёт, муаммо ва ечим”, “Оператор — материал ҳаммуаллифи” каби мавзулардаги маърузаларни тинглашди. Машғулотлар тележурналистлар, босма оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва давлат идоралари матбуот котиблари учун алоҳида йўналишларда ташкил этилмоқда.
Беш кунлик дастур давомида замонавий журналистика, медиахавфсизлик, фактчекинг, рақамли коммуникациялар, SMM, стратегик коммуникациялар, ижтимоий тармоқларда самарали фаолият юритиш, ҳужжатли фильмлар тайёрлаш ҳамда сунъий интеллектдан медиа соҳасида фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари ва амалий тренинглар ўтказилади. Дарслар жараёнида иштирокчилар реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш ва замонавий ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлишади.

Қайд этилишича, медиа ҳафталикда қарийб 600 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Улар орасида 146 нафар матбуот котиби, 98 нафар мобилограф, 50 нафар SMM мутахассиси, 32 нафар блогер, 36 нафар босма оммавий ахборот воситалари вакили ҳамда бошқа соҳалар ходимлари бор.
Тадбир якунида медиа форум ўтказиш, янги лойиҳалар тақдимотини ташкил этиш, тажриба алмашиш майдонларини яратиш ҳамда ўқув дастурини муваффақиятли якунлаган иштирокчиларга сертификатлар топшириш режалаштирилган.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА