Оромгоҳлар болаларни бағрига чорламоқда
Ёзги таътил — болалар учун нафақат ҳордиқ чиқариш, балки янги дўстлар орттириш, иқтидорини намоён этиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш имкониятидир. Шу боис ҳар йили мамлакатимизда ўқувчиларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади.
Жиззах вилоятида ҳам бу йилги ёзги мавсумга тайёргарлик ишлари юқори масъулият билан амалга оширилди. 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунидан бошлаб, минглаб ўғил-қизлар оромгоҳлар бағрига йўл олмоқда. Бу эса оромгоҳларнинг тайёргарлик даражаси, хавфсизлик чоралари ва яратилган шарт-шароитларга бўлган эътиборни янада оширмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Жиззах вилояти кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида мавсум олдидан кенг кўламли ишлар бажарилгани маълум бўлди.

Жорий йилда вилоятда 9 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолият юритади. Режага кўра, касаба уюшмалари йўлланмалари асосида 4340 нафар, вилоят ҳокимлиги дастурлари доирасида эса 5665 нафар ўқувчининг дам олиши ва соғломлаштирилиши таъминланади. Бу рақамлар ортида минглаб ота-оналарнинг ишончи ва болаларнинг орзулари мужассам.

Шароф Рашидов, “Energy”, “Юлдузча”, “Зомин”, “Zomin-Sunrise”, “Коинот”, “Жилғача”, “Зангори олов” ҳамда “Камолот” оромгоҳларида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва санитария ишлари амалга оширилди. Айрим оромгоҳларда ташқи муҳандислик тармоқларини янгилаш, электр таъминотини яхшилаш ва йўл инфратузилмасини тартибга келтириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланган.


Хусусан, Фориш ва Ғаллаорол туманларидаги айрим оромгоҳларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш зарурати сақланиб қолмоқда. Мутахассислар фикрича, мазкур масалаларнинг ҳал этилиши болаларни хавфсиз ва қулай ташиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Эътиборли жиҳати шундаки, мавсум бошланиши арафасида оромгоҳларда нафақат бинолар таъмирланди, балки маънавий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва маданий дастурлар ҳам шакллантирилди. Зеро, замонавий оромгоҳлар фақат ётоқхона ва ошхонадан иборат эмас, балки боланинг шахс сифатида камол топишига хизмат қилувчи муҳим тарбия масканларидир.

Мавзу юзасидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Бегзод Қосимов билан суҳбатлашдик.
— Бугунги тайёргарлик ишларини қандай баҳолайсиз?
— Энг муҳими, вилоятимиздаги барча оромгоҳларда болаларни қабул қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, санитария-гигиена ва хавфсизлик ишлари режа асосида амалга оширилди. Айрим инфратузилма масалалари бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Биз учун ҳар бир боланинг хавфсизлиги ва мазмунли дам олиши устувор вазифа ҳисобланади.
— Бу йилги мавсумнинг ўзига хос жиҳатлари нимада?
— Асосий мақсадимиз болаларнинг таътил кунларини қизиқарли ва фойдали ташкил этишдир. Шу боис ҳар бир оромгоҳда спорт мусобақалари, китобхонлик кечалари, маънавий-маърифий учрашувлар, ижодий танловлар ва интеллектуал лойиҳалар режалаштирилган. Болалар нафақат дам олади, балки янги билим ва кўникмаларга ҳам эга бўлади.
— Ота-оналарга қандай мурожаат қилган бўлардингиз?
— Фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол улғайиши барчамизнинг умумий мақсадимиздир. Шунинг учун ота-оналарни оромгоҳлар имкониятларидан унумли фойдаланишга чақираман. Бу масканлар фарзандларнинг жисмоний ва маънавий ривожланиши учун муҳим мактаб вазифасини ўтайди.
Айни кунларда Жиззах вилояти касаба уюшмалари кенгаши томонидан ёзги таътилга чиққан ўқувчиларни оромгоҳларга кузатиш тадбирлари ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда. Дастлабки босқичда Шароф Рашидов туманидаги “Energy” оромгоҳига 135 нафар, шу тумандаги Шароф Рашидов номидаги оромгоҳга 100 нафар ҳамда Зомин туманидаги “Юлдузча” оромгоҳига 150 нафар ўғил-қиз йўл олди.
Болаларнинг сафарга чиқиши йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари кузатуви остида ташкил этилди. Қолган оромгоҳларга ҳам болажонларни жўнатиш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда.
Дарҳақиқат, болаларнинг бахтли кулгуси эшитилган масканда келажакка ишонч мустаҳкам бўлади. Жиззахда ёзги мавсумга тайёргарлик жараёнлари ана шу эзгу мақсад — баркамол авлод тарбиясига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири