Орол денгизининг кичик юраги (+видео)
4-6 май кунлари Судоче кўллар тизими ҳудудига оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда экология соҳаси мутахассислари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар Оролбўйи ҳудудидаги энг ноёб табиий масканлардан бири бўлган Судоче-Акпети кўллар тизимининг экологик аҳамияти, биохилма-хиллиги ва бой ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишдилар.
Маълум бўлишича, Судоче кўллар тизими Амударёнинг қадимий ирмоқлари ва сув ҳавзалари асосида шаклланган бўлиб, бугунги кунда Марказий Осиёдаги муҳим сув-ботқоқ экотизимларидан бири сифатида эътироф этилади. Ҳудуд айниқса миграцион қушлар учун табиий маскан вазифасини бажаради.
Пресс-тур давомида иштирокчиларга ҳудудда учрайдиган фламинго, оққуш, пеликан, ёввойи ўрдак, ғоз, балиқчи қушлар ҳамда ноёб йиртқич қуш турлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, баҳор ва куз мавсумида минглаб миграцион қушларнинг ушбу ҳудудга қўниши Судоче кўллар тизимининг халқаро экологик аҳамиятини янада оширмоқда.
Бундан ташқари, кўллар атрофи ва қамишзор ҳудудларда тулки, чиябўри, қум мушуги каби сутэмизувчилар, турли судралиб юрувчилар ва кемирувчилар яшаши, сув ҳавзаларида эса сазан, лаққа ва бошқа маҳаллий балиқ турлари учраши ҳудуд экотизимининг табиий мувозанатини сақлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5xVnse0RSJE" title="Orol dengizining kichik yuragi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА