“Орол денгизига поезд” акцияси тадбирлари давом этмоқда
Қорақалпоғистон Республикасида “Орол денгизига поезд” ёшлар экологик акцияси ва “Биз Орол билан биргамиз” эко марафони доирасида турли маънавий-маърифий ва экологик тадбирлар ташкил этилмоқда.
Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган олий таълим муассасалари талаба-ёшлари билан бир қаторда қорақалпоғистонлик ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ташриф доирасида меҳмонлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлди. Саёҳат давомида иштирокчилар ноёб санъат асарлари, миллий маданий мерос намуналари ҳамда халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи экспозитсиялар билан яқиндан танишишди.
Меҳмонларга музей фондидаги ноёб коллекциялар, авангард санъати намуналарининг жаҳон миқёсидаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу учрашув ва маданий саёҳат ёшлар ўртасида экологик маданиятни тарғиб қилиш, миллий қадриятлар ва маданий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Экологик акцияси ва эко марафони доирасида иштирокчилар учун Амударё туманидаги Чилпиқ қўрғонига ҳам саёҳат ташкил этилди. Тадбир давомида ёшлар қадимий тарихий обиданинг бой тарихи, маданий аҳамияти ва ўзига хос меъморий тузилиши билан яқиндан танишди. Тадбир иштирокчиларининг миллий меросимизга ҳурмат ва эътиборини янада оширишга хизмат қилди.
Шунингдек, ёш истеъдод эгалари ўртасида “Ёш рассомлар” танлови ҳам ўтказилди. Танлов давомида иштирокчилар Оролбўйи табиати, экологик муаммолар ва тарихий жойларнинг манзараларини тасвирий санъат орқали акс эттирди. Ёш рассомларнинг ижодий ишлари тадбир иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ушбу тадбир ёшлар ўртасида экологик маданиятни тарғиб қилиш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-29602]
Экологик акциянинг навбатдаги кунида иштирокчилар Чимбой туманида бўлиб, Президентимиз қарори асосида ёшлар учун ажратилган ер майдонларида кўчат экиш ишларида қатнашди. Шундан сўнг, талабалар Чимбой туманидаги “Қора уй” қуриш устахонасида бўлди. У ерда қорақалпоқ халқининг миллий уйларини тайёрлаш жараёни, фойдаланиладиган анъанавий ускуналар ва қадимий ҳунармандчилик сирлари билан яқиндан танишди.
Ушбу тадбир ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.