Наманганда электробус синов тариқасида ҳаракатланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳрида жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш доирасида замонавий электробус синов тариқасида ҳаракатланмоқда. Янги транспорт воситаси 65-халқаро Гуллар фестивали арафасида тест режимида йўналишга чиқарилди.
“Экспресс Долина” қўшма корхонаси МЧЖ раҳбари Алишер Дадахоновнинг маълум қилишича, корхона томонидан 2024 йилда “Yutong” компанияси билан ҳамкорликда 36 та замонавий автобус олиб келиниб, шаҳар йўналишларига қўйилган.
Эндиликда жамоат транспорти тизимига электробусларни жорий этиш бўйича ишлар бошланди. Дастлаб Хитойдан битта электробус келтирилиб, уни маҳаллий шароитда синовдан ўтказиш йўлга қўйилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, синов натижалари ижобий бўлса, келгусида яна 50 тадан 100 тагача электробус олиб келиш режалаштирилган.
Электробуслар экологик жиҳатдан қулайлиги, ҳавога зарарли чиқиндилар чиқармаслиги ҳамда анъанавий ёқилғига эҳтиёж сезмаслиги билан аҳамиятли ҳисобланади.
[gallery-29603]
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов синов тариқасида ҳаракатланаётган электробус фаолияти билан танишди.
Мутахассислар фикрича, замонавий электробусларнинг жорий этилиши аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифатини ошириш, ҳаракат хавфсизлиги ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА