Наманганда “Беш ташаббус паралимпиадаси” ғолиблари тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида “Беш ташаббус паралимпиадаси”нинг вилоят босқичи юқори савияда, қизғин ва муросасиз баҳслар руҳида ўтди. Мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки инсон иродаси, қатъияти ва чексиз имкониятларининг ёрқин ифодаси сифатида иштирокчилар ва томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Жорий йилнинг 10–25 апрель кунлари ўтказилган шаҳар ва туман босқичларида рўйхатдан ўтган 8 минг 534 нафар ногиронлиги бўлган шахсдан 5 минг 942 нафари фаол иштирок этди. Саралаш босқичлари якунларига кўра, минг нафардан ортиқ ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Адаптив спортнинг 13 та тури бўйича сараланган 364 нафар иштирокчи вилоят босқичида ўз маҳорати ва жисмоний имкониятини намоён этди. Беллашувлар давомида иштирокчиларнинг матонати, сабр-бардоши ва ғалабага бўлган интилиши барчага ибрат бўлди.
Тантанали тақдирлаш маросимида спортнинг 13 та йўналиши бўйича ғолиб ва совриндор бўлган 78 нафар иштирокчи диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, 26 нафар параспортчи республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
[gallery-29601]
Тадбирда сўз олганлар иштирокчиларни қўлга киритилган ютуқлар билан табриклаб, келгуси босқичларда омад ва улкан зафарлар тилади. Таъкидланганидек, “Беш ташаббус паралимпиадаси” нафақат спорт мусобақаси, балки инсон қадри, кучли ирода ва ишончни улуғловчи муҳим лойиҳадир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА